date

Эрон раҳбари: Ядро қуроли тарафдорларига сиёсатда ўрин йўқ

Эрон раҳбари: Ядро қуроли тарафдорларига сиёсатда ўрин йўқ
Эрон президенти Масъуд Пезешкиён мамлакат сиёсатида ядро қуролини яратишни қўллаб-қувватловчи шахсларга ўрин йўқлигини қатъий таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ядровий қурол яратиш Эрон Ислом Республикасининг тамал сиёсий нуқтаи назарларига мутлақо зиддир.

Пезешкиён ўз баёнотида олий раҳбарнинг бир неча бор такрорлаган позициясини эслатди: Эрон ядро қуролига эга бўлмайди ва бу йўлда ҳаракат қилмайди. У шу нуқтага алоҳида урғу бердики, бундай стратегияга қарши бўлганлар давлат сиёсатида қатнашмаслиги керак.

Сўнгги кунларда парламентда Теҳроннинг Ядро қуролини тарқатмаслик шартномасидан чиқиши мумкинлиги борасида турли миш-мишлар тарқалди. Айрим депутатлар бу ташаббусни қўллаб-қувватлаётгани ҳақида хабарлар тарқалган бўлса-да, Эрон парламенти расман бу маълумотни рад этди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эса NPT шартномаси бўйича ҳар қандай қарор юқори ҳокимият органлари томонидан қабул қилиниши лозимлигини билдирди.

Шунга қарамай, расмий Теҳрон тарқатмаслик бўйича ўз мажбуриятларига содиқ қолишини маълум қилмоқда. Мамлакат Яқин Шарқда ядро қуроли бўлмаслиги керак, деган позицияга амал қилмоқда.

Президент Пезешкиён ядро қуролига қарши чиқиш билан бирга, Эроннинг тинч мақсадларда атом энергиясидан фойдаланишга ва илмий тадқиқотлар олиб боришга ҳақли эканини ҳам таъкидлади.

“Биз ядровий соҳада жамият манфаати учун тадқиқотлар ўтказиш ва энергия ишлаб чиқариш ҳуқуқига эгамиз. Ҳеч ким биздан бу ҳуқуқни олиб қўёлмайди”, – деди у.

Пезешкиён халқаро муносабатларга ҳам тўхталиб, АҚШни Исроилнинг Эронга қарши амалга оширган ҳужумларига йўл қўйганликда айблади. Унинг сўзларига кўра, бу ҳаракат халқаро ҳуқуқ қоидаларига зид ҳисобланади.

Президент сўзининг якунида Эрон урушни истамаслигини, аммо ҳужум қаршисида халқ якдилликда ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлади.

Эрондаги мазкур қатъий баёнотлар минтақадаги сиёсий вазият мураккаблашиб бораётган бир пайтда янграётгани билан аҳамиятлидир. Ҳозирда дунё жамоатчилиги Теҳроннинг келгусидаги амалий қадамларини диққат билан кузатмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон раҳбари: Ядро қуроли тарафдорларига сиёсатда ўрин йўқ