
Европа Иттифоқи Россия Федерациясининг Исроил ва Эрон ўртасидаги тобора кескинлашиб бораётган можарода воситачилик қилиш эҳтимолига кескин қарши чиқди. Бу ҳақда 16 июнь куни AFP ахборот агентлиги Европа комиссияси вакили Анвар ал-Анунийнинг сўзларига таяниб хабар берди. Унинг таъкидлашича, Москва бу вазиятда “объектив воситачи” бўлиш қобилиятига эга эмас, чунки Россия сўнгги ойларда Эрон билан стратегик алоқаларни кучайтирган, шу жумладан, январ ойида ҳарбий ҳамкорлик ва кенг қамровли шериклик шартномасини имзолаган.
Европа комиссияси вакили, шунингдек, Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган тажовузкор урушини мисол келтирди. Унинг фикрича, Москва халқаро ҳуқуқ ва БМТ низоми талабларини доимий равишда бузмоқда ва шу боис, унинг “нейтрал ва ишончли воситачи” сифатидаги имижи нолга тенг. Брюссельда бу масалада қаттиқ танқид ва шубҳа билдирилмоқда.
Бундан олдин, АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон-Исроил можаросида Россия президенти Владимир Путиннинг эҳтимолий воситачилигини муҳокама қилишга очиқ эканини билдирган эди. «У тайёр. У менга бу ҳақда қўнғироқ қилди. Биз бу ҳақда узоқ гаплашдик», — деди Трамп ABC News телеканалига берган интервюсида. Бу баёнотлар халқаро майдонда жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 13 июнга ўтар кечаси Исроил ўз тарихидаги энг йирик ҳарбий операциялардан бирини бошлади ва Эрон ҳудудидаги қатор стратегик нишонларга, жумладан, Теҳрондаги муҳим объектлар ҳамда ядро марказларига кучли ракетали зарбалар йўллади. Бу зарбалар натижасида Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Ҳусайн Саламий, мамлакат қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Муҳаммад Бағирий, бир неча юқори мартабали генераллар ва етакчи ядрошунос олимлар ҳалок бўлди. Эрон матбуотининг маълум қилишича, мазкур ҳужумлар натижасида 220 дан ортиқ инсон вафот этган.
Ҳозирда Яқин Шарқдаги вазият кескин бўлиб қолмоқда. Халқаро экспертлар ва кузатувчилар ушбу можаро янада чуқурлашиши ва янги геосиёсий муаммолар келтириб чиқаришидан хавотирда. Европа Иттифоқи ва бошқа Ғарб давлатлари эса тинчликни тиклаш учун ҳақиқий нейтрал ва ишончли воситачиларга эҳтиёж борлигини таъкидламоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар