
Яқин Шарқдаги ҳарбий қарама-қаршилик фақат минтақа ичидагина эмас, балки унга қўшни давлатларда ҳам хавотир уйғотмоқда. Айниқса, Эрон ва Исроил ўртасидаги сўнгги кучайган ҳарбий можаро Покистон хавфсизлик тизимларида жиддий хавф сифатида баҳоланмоқда.
Покистон ҳукумати Исроилнинг Эрон ҳудудидаги ядровий марказлар ва ҳарбий раҳбарларга қарши уюштирган ҳужумларини кескин қоралади. Ўз навбатида, Эрон томонидан юзлаб ракеталар билан Исроилга жавоб қайтарилган, бу эса юздан ортиқ инсоннинг ҳаётига зомин бўлгани хабар қилинмоқда.
Шу фонида Покистон расмийлари 15 июндан бошлаб Эрон билан чегарадаги бешта муҳим ўтиш бекатини вақтинча ёпди. Бу чора — хавфсизлик таҳдидларига жавобан амалга оширилган тезкор профилактик ҳаракат сифатида баҳоланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 2024 йил бошида Покистон ва Эрон ўртасида қисқа муддатли ракета зарбалари алмашилган, аммо томонлар кейинчалик дипломатик йўл билан алоқаларни тиклашга муваффақ бўлганди. Бироқ ҳозирги ҳолатда Эрон-Исроил тўқнашуви яна чегара хавфсизлигини долзарб муаммога айлантирмоқда.
Хусусан, Балочистон минтақасидаги айрим сепаратистик гуруҳлар Эрон ҳудуди орқали Покистонга кириб келиш эҳтимоли борлиги, ИШИД каби экстремист тузилмалар фаоллашиши ва миллий хавфсизликка таҳдид туғдириши ҳақида хавотирлар билдирилди.
Покистон Ички ишлар вазири ўринбосари Талал Чаудрий халқаро ҳамжамиятни можаронинг олдини олиш ва диалогга чорлаётган бўлса, ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дар Эрон Ташқи ишлар вазири билан мулоқот ўтказганини ва Теҳрон музокараларга тайёр эканини эълон қилди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Покистон можаро марказида бўлишни истамайди. Аксинча, у хавфсизликни мустаҳкамлаш, ўз ҳудудий дахлсизлигини сақлаб қолиш ва Эрон, АҚШ ҳамда халқаро тузилмалар билан барқарор алоқаларни мувозанатли юритишга интилмоқда.
Бундан ташқари, Исроилнинг Эрон устидаги ҳаво устунлиги масаласи ҳам Исломободда хавотир уйғотмоқда. Экспертларга кўра, агар Исроил ҳарбий кучлари Эрон ҳаво ҳудудида доимий назорат ўрнатса, бу Покистоннинг ғарбий чегараларидаги стратегик мувозанатни издан чиқариши мумкин.
Минтақадаги бу можарога халқаро эътибор ортиб борар экан, Покистон ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, барқарорликни сақлашда фаол воситачилик ўйнашга ҳам интилаётгани кўзга ташланмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар