
Яқин Шарқдаги ҳарбий мувозанат яна бир жиддий синов остонасида. АҚШнинг нуфузли нашри The Washington Post тарқатган маълумотларга кўра, Исроил ўз ракеталарга қарши мудофаа тизимидаги перехватчи (ўқувчи ракеталар) захираларини яқин вақт ичида тугатиши мумкин.
Нашр манбасининг маълум қилишича, агар АҚШ томонидан захиралар янгиланмаса ёки Америка ҳарбийлари тўғридан-тўғри ёрдам кўрсатмаса, Исроил ҳозирги тезликдаги ҳужумларга қарши фақат 10–12 кун мобайнидагина мустаҳкам туриш имконига эга.
Бу ҳолат, айниқса, Эрон билан кескинлашган муносабатлар, ҳудудий зиддиятлар ва ракеталар билан боғлиқ хавфлар фонида жиддий хавотир уйғотмоқда.
Исроилнинг етакчи иқтисодий нашри The Marker эса яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратди — мамлакатдаги ракетага қарши мудофаа тизимининг ҳар кечада амалга оширилаётган фаолияти давлатга тахминан 1 миллиард шекел, яъни 285 миллион доллар атрофида тушмоқда. Бу улкан харажатлар мудофаа имкониятларини янгилаш ва узоқ муддатли стратегияни қайта кўриб чиқиш зарурлигини англатади.
Экспертлар таъкидлашича, агар эҳтиёж қилинган ҳарбий ресурслар ўз вақтида тақдим этилмаса, Исроил ҳимоя қобилияти жиддий заифлашиши ва можаролар олдида ноқулай ҳолатга тушиб қолиши мумкин.
Ҳозирча АҚШ расмийлари бу борада аниқ баёнот бермаган бўлса-да, икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни фаоллаштиришга доир музокаралар олиб борилаётгани айтилади.
Ҳудуддаги тинчлик ва барқарорлик учун халқаро ҳамжамият бу ҳолатни диққат билан кузатмоқда. Чунки Исроилнинг ракета ҳужумларига қарши мустаҳкам туриши нафақат мамлакатнинг, балки бутун минтақанинг хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар