
Жаҳон сиёсатининг энг долзарб мавзуларидан бири — Эроннинг ядровий дастури яна халқаро ҳамжамият диққат марказида. Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) бош директори Рафаэл Гросси матбуот анжуманида эътироф этдики, Эрон ядровий қурол яратишга ҳаракат қилаётгани ҳақида аниқ ва расмий далиллар ҳозирча мавжуд эмас. Бироқ, Эрон томонидан кузатилаётган ноаниқликлар, яширин ҳаракатлар ва шаффофлик етишмаслиги жиддий хавотир уйғотмоқда.
Гросси таъкидлашича, бугунги кунда дунёнинг ҳеч бир давлати уранни 60 фоизгача бойитмайди. Бу кўрсаткич техник жиҳатдан 90 фоизга — ядро қуроли ишлаб чиқариш учун зарур бўлган даражага жуда яқиндир. Шу сабаб, инспекторлар бу жараённи диққат билан кузатмоқда. “Биз сиёсий баҳсларга аралашмаймиз. Вазир ёки дипломат эмас, айнан ядровий инспектор сифатида фақат аниқ далилларга асосланамиз. Айни вақтда, ядровий қуролга доир фаол дастур мавжуд, деб расман айтолмаймиз. Бироқ бу ҳеч қандай хавф йўқ дегани эмас”, — деди Гросси.
Эрон ядровий дастурининг ноаниқ йўналиши ва шаффофлик етишмаслиги халқаро майдонда турли тахмин ва баҳсларга йўл очмоқда. Айниқса, Исроил ва АҚШ каби минтақадаги етакчи давлатлар учун бу мавзудаги ҳар қандай ноаниқлик таҳлика сифатида баҳоланмоқда.
Исроил разведкаси аввалроқ Эрон атом бомбаси яратиш учун портлатгичлар тайёрлаш ишларини бошлагани ҳақида маълумотлар тарқатган эди. Улар бу маълумотлар ҳарбий операцияга тайёргарлик жараёнида муҳим аҳамият касб этиши мумкинлигини билдирган. Бироқ, АҚШ маъмурияти бу каби аниқ маълумотларга эга эмаслигини ва бу ҳолат Вашингтоннинг Исроил зарбаларига бевосита қўшилишни хоҳламаслигининг асосий сабабларидан бири эканини яширмайди.
Экспертлар таъкидлашича, Эрон томонидан уранни юқори фоизда бойитиш ва ядровий объектлар тўғрисида шаффоф маълумотлар бермаслик, минтақавий ва глобал хавфсизлик нуқтаи назаридан жиддий хавотир уйғотади. Халқаро экспертлар бундай вазиятда ҳар бир қадам эҳтиёткорлик билан ва халқаро стандартларга риоя қилган ҳолда ташланиши кераклигини таъкидламоқда.
Якуний хулоса сифатида айтиш мумкинки, Эрон ядровий дастури атрофидаги ноаниқликлар, шаффофлик йўқлиги ва сиёсий баҳслар келгусида минтақада вазият янада мураккаблашишига сабаб бўлиши мумкин. ХАЭА ва халқаро ҳамжамият учун эса асосий вазифа — ядровий хавфсизликни таъминлаш ва турли баҳсларни тинч йўл билан ҳал қилиш бўлиб қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар