
АҚШ Сенатининг разведка бўйича махсус қўмитаси раис ўринбосари Марк Уорнер Эроннинг ядро қуролини яратиш устида иш олиб бораётгани ҳақида ҳеч қандай аниқ далил йўқлигини маълум қилди. Сенаторнинг таъкидлашича, март ойида ҳам АҚШ Миллий разведка директори Тулси Габбард Эрон ядровий бомба яратиш бўйича ҳеч қандай ҳаракат амалга оширмаётганини очиқ баёнот қилган эди.
«Бу ҳафтанинг душанба кунида олган сўнгги разведка маълумотлари ҳам вазият ўзгармаганини кўрсатади», деди Уорнер. У, шунингдек, ташқи сиёсатда твитлар орқали баёнот бериш — мантиқан нотўғри эканини айтди ва бу жиҳатда АҚШ президенти Дональд Трампга ишора қилди. Сенатор, шунингдек, ҳозирги шароитда АҚШ сиёсати мутлақо ноаниқ ва тушунарсиз эканини, ҳатто юқори лавозимли расмийлар ҳам аниқ тасаввурга эга эмаслигини урғулади: «Мен Разведка қўмитаси раис ўринбосариман, агар менда аниқ маълумот бўлмаса, Америка халқи нима билсин?», — деди у.
Бунга қарамай, Дональд Трамп Эрон ядро қуролини “бир неча ҳафта” ичида яратиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотини яна такрорлади. У ўзининг Эронда ядро қуроли бўлмаслиги кераклигини 20 йилдан бери айтиб келаётганини таъкидлади. Трампнинг ушбу баёноти эса, амалдаги разведка маълумотлари ва халқаро ташкилотлар хулосаларига зиддир.
АВС телеканали ва The Wall Street Journal нашри манбаларига кўра, Трампга Эронга зарба бериш учун турли сценарийлар тақдим этилган, бироқ у ҳозирча якуний буйруқ бермаган. Шунга қарамай, Эрон ҳукумати ядро қуролини ишлаб чиқиш нияти йўқлигини доим рад этиб келади ва айбловларни нотўғри деб ҳисоблайди.
Халқаро атом энергияси агентлиги — МАГАТЭ ҳам ўз хулосасини эълон қилди: агентлик раҳбари Рафаэл Гросси маълум қилишича, ҳозирча Эрон ядро қуроли яратишга уринаётгани ҳақида ҳеч қандай аниқ далил мавжуд эмас. Бироқ уранни 60 фоизгача бойитиш, техник жиҳатдан, ядро қуроли учун зарур бўлган босқичга жуда яқин. Шу билан бирга, Гросси Эрон расмийлари билан суҳбатларда улар ядро қуроли исломга зид эканини тан олганини ва ушбу қуролни яратиш режаси йўқлигини айтишганини таъкидлади.
МАГАТЭ ва АҚШ разведкаси хулосалари Эрон ядро қуроли борасидаги мунозараларда муҳим аҳамиятга эга. Гарчи Эронда уранни бойитиш технологияси ва қурол ишлаб чиқиш учун керакли “пазл бўлаклари” мавжуд бўлса-да, ҳозирча бундай ҳаракат ёки режа тасдиқланмаган.
Шундай экан, халқаро майдондаги тортишувлар, сиёсий баёнотлар ва эҳтимолий хавфларга қарамасдан, асосий манбалар Эрон ядро қуроли яратишга ҳаракат қилаётганини тасдиқламайди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар