date

Францияда тўй трагедияга айланди: ниқоблилар келинни ўлдириб кетди

Францияда тўй трагедияга айланди: ниқоблилар келинни ўлдириб кетди
Франциянинг жануби-шарқидаги Гулт қишлоғида юз берган қайғули воқеа нафақат мамлакат, балки бутун дунё жамоатчилигининг эътиборини тортди. 22 июнь куни ўтказилган никоҳ тантанаси шиддатли фожиага айланди: 27 ёшли келин ўз тўйи кунида қуролли ҳужум оқибатида ҳалок бўлди.

Тафсилотларга кўра, эрталаб соат 4:30 атрофида, келин-куёв ва меҳмонлар туйхонани тарк этаётган пайтда ниқобли ва қуролланган шахслар уларга ҳужум қилди. Маҳаллий манбаларнинг таъкидлашича, ҳужумчилар бир нечта турдаги қурол билан келган ва воқеа жойида ўқ узганлар. Ачинарлиси, ушбу воқеа натижасида 27 ёшли келин ҳаётдан кўз юмди, 25 ёшли куёв ҳамда 13 ёшли ўсмир оғир тан жароҳати олди.

Терговга яқин манбаларнинг айтишича, бу жиноят гиёҳванд моддалар билан боғлиқ ҳисоб-китоблар туфайли содир этилган бўлиши мумкин. Шунингдек, ҳужумчилардан бири ҳодиса пайтида ҳалок бўлгани қайд этилмоқда. Қолган жиноятчилар эса ҳодисадан сўнг пиёда қочиб кетишга муваффақ бўлишган.

Гулт қишлоғи Франциянинг Марсел шаҳридан тахминан 80 километр шимолда жойлашган бўлиб, 1000 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Охирги йилларда бу минтақа гиёҳванд моддалар ва унга боғлиқ жиноятлар туфайли кўп марта ОАВ саҳифаларига чиқди. Франция ҳукумати эса бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва наркобизнесга қарши курашни янада кучайтиришга ваъда берди.

Прокурорнинг таъкидлашича, ҳужумчилар аниқ режа асосида ҳаракат қилган ва қуролланган ҳолда келган. Жиноятнинг асл сабаблари тергов давомида тўлиқ аниқланиши кутилмоқда.

Бундай воқеалар Франция жамиятида хавотир ва ғазаб уйғотмоқда. Бир пайтлар тинч ва осуда ҳисобланган кичик қишлоқдаги тўйнинг қотиллик билан тугаши – мамлакатдаги жиноятчилик ва гиёҳвандлик муаммоси қанчалик жиддийлигини яна бир бор намоён қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Францияда тўй трагедияга айланди: ниқоблилар келинни ўлдириб кетди