date

Россия самолётлари ўз ҳудудига юзга яқин бомба тушириб юборган

Россия самолётлари ўз ҳудудига юзга яқин бомба тушириб юборган
Жорий йил бошидан бери Россия ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли самолётлар томонидан мамлакат ҳудуди ва босиб олинган Украина ерларига умумий ҳисобда 94 та авиабомба ташлаб юборилган. Бу ҳақда “Astra” ахборот манбаси хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, ушбу ҳолатлар асосан Украина билан чегарадош ҳудудлар ва 2014 йилдан буён Россия назоратида бўлган Донецк ҳамда Луганск вилоятларида қайд этилган. Авиабомбалардан 87 таси стандарт, 7 таси эса юқори аниқликка эга “ақлли” бомбалар бўлган. Шунингдек, 3 та ракета ҳам ноаниқ сабабларга кўра тушиб кетган.

Охирги бундай ҳодиса 21 июнь куни Донецк вилоятининг Кальмиус туманидаги Докучаевск шаҳарчаси яқинида содир бўлди. Россия самолётидан тушиб кетган 500 килограммлик ФАБ-500 бомбаси Янги Оленовка қишлоғидаги турли хонадонларга зарар етказди — уйлар томлари шикастланиб, деразалар синган. Яхши томони шундаки, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

11 июнь куни эса шунга ўхшаш бомба Россиянинг Курск вилоятидаги Долгий Колодезь қишлоғи ҳудудига тушиб, катта кратер ҳосил қилган.

Таҳлилларига кўра, фақатгина 2 июндан 21 июнгача бўлган оралиқда Россия ҳарбий авиацияси томонидан камида 10 та бомба чегарага яқин жойларга тушиб кетган. Улардан иккитаси Дебальцево яқинига, иккитаси Макеевка атрофига, иккитаси Белгород вилоятига, қолганлари эса Чернухино, Волноваха ва Ясиноватая атрофига тушган.

2024 йилнинг ўзида Россия ҳудуди ва унга қарам бўлган Украина ерларига камида 165 та бомба тушиб кетган. Бу ҳолатлар техник носозликлар ёки инсон омили билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Бундай вазиятлар хавфсизлик нуқтаи назаридан жиддий таҳликаларга сабаб бўлмоқда. Мутасадди идоралар эса ҳозирча расмий изоҳ бермаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия самолётлари ўз ҳудудига юзга яқин бомба тушириб юборган