Жавоҳир Синдаров Гукешнинг ҳимоясини юқори баҳолади

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу билан шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун кечаётган баҳснинг биринчи партиясида рақибининг яхши ҳимояланганини таъкидлади. У босим ўтказиш ва устунликдан фойдаланишга ҳаракат қилганини, аммо Гукеш мураккаб вазиятдан чиқиш учун тўғри йўлларни топганини айтди. Бу ҳақда шахматчилар биринчи партиядан кейинги матбуот анжуманида сўз юритди.
«Мен бироз босим ўтказишга муваффақ бўлдим ва ўз устунлигимдан фойдаланишга ҳаракат қилдим, аммо Гукеш жуда яхши ҳимояланди. Вазиятни ҳисобга олган ҳолда босимни сақлаб қолишга уриндим, бироқ охир-оқибат у яхшироқ юришларни топди», — деди Синдаров.
Шахматчилар ўртасидаги мазкур баҳс жаҳон чемпионлиги тарихидаги энг ёш иштирокчилар тўқнашуви ҳисобланади. Ҳар икки шахматчи ҳам 20 ёшда бўлиб, мусобақага бўлган эътибор юқори. Бироқ Синдаров бу ҳолат унинг ўйинга бўлган ёндашувига таъсир қилмаслигига ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
«Бутун шахмат олами ушбу баҳсни кузатаётганини биламан. Одатда бу жуда катта босим юзага келтиради, аммо мен бу ҳақда ўйламасликка ҳаракат қиляпман. Фақат ўйин залидаги муҳитга кўникишга уриняпман. Энг муҳими, яхши шахмат ўйнаш», — деди Жавоҳир.
Жаҳон чемпионлиги учун учрашув Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтказилмоқда. Биринчи партия дуранг билан якунланди ва ҳозирча ҳисоб 0,5:0,5. Бугун, 25 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да баҳснинг иккинчи партияси бўлиб ўтади. Унда Гукеш оқ доналарда ўйнайди.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
































Изоҳлар0
…