
Яқин Шарқда сиёсий хавф ва ядровий инқироз хавфи яна авж олмоқда. Америка Қўшма Штатлари томонидан амалга оширилган кенг кўламли бомбардимонга қарамай, Эрон ўзининг стратегик бойитилган уран захираларини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Financial Times нашри Европанинг разведка манбаларига таяниб хабар тарқатди.
Мутахассислар таъкидлашича, ушбу операция АҚШ учун муҳим муваффақият сифатида баҳоланган бўлса-да, Эрон бу хатардан олдинроқ хабардор бўлиб, уран заҳираларини яширин равишда бошқа ҳудудларга кўчириб улгурган. Айни пайтда ураннинг асосий қисмлари Фордодаги ерости мажмуасида эмас, балки бошқа стратегик нуқталарда сақланаётгани айтилмоқда.
408 килограммга яқин 60 фоизли уран Эрон ҳудудида хавфсиз тарзда тарқатилгани айтилади. Ушбу рақам ядро қуроли ишлаб чиқариш учун етарли материал сифатида баҳоланади. Исроил ва АҚШ манбаларига кўра, ушбу ҳаракатлар АҚШ раҳбари Доналд Трамп томонидан Эронга нисбатан янграган уруш таҳдидларидан кейин амалга оширилган бўлиши мумкин.
Фордонинг тагида нима қолди?
Эслатиб ўтамиз, Эрондаги Фордо ядровий мажмуаси тарихан мамлакатнинг энг муҳим уран бойитиш марказларидан бири ҳисобланади. У Кум шаҳри яқинидаги тоғ остида жойлашган ва катта ҳимоя тизимларига эга. АҚШ зарбалари натижасида унинг ер усти инфратузилмасига зарар етказилган бўлса-да, ерости қаватлари анча яхлит қолгани айтилмоқда.
Ҳозирда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ушбу ҳужумнинг таъсир даражаси ҳақида тайёрланаётган махфий разведка ҳисоботини кутмоқда. Бу ҳисоботда объектнинг техник ҳолати, зарар кўлами ва уран бойитиш қобилияти батафсил баён этилади.
Трампнинг баёноти ва АҚШнинг расмий реакцияси
Шу орада Доналд Трамп ўзининг Truth Social платформасида билдиришича, ҳеч қандай материал кўчирилмаган ва Эроннинг уран заҳиралари тўлиқ йўқ қилинган. Бироқ бу фикр АҚШ ва Европа манбаларининг маълумотлари билан мутлақо зид келади. Унга кўра, бундай ҳажмдаги бойитилган уранни ташиш жуда оғир ва қиммат жараён бўлиб, оммавий кузатувлардан йироқ, махфий усулларда амалга оширилган.
Оқ уй эса бу воқеадан сўнг Конгрессга махфий маълумот тақдим этишга чеклов қўйди. Сабаби — бу маълумотларнинг журналистлар қўлига тушиши айнан Конгресс орқали амалга оширилгани айтилмоқда. Пентагон раҳбарияти ҳам матбуотни ҳаддан зиёд маълумот тарқатишда айблади.
Исфаҳон — ядровий фаолиятнинг янги марказими?
The New York Times манбаларига кўра, уран захиралари Исфаҳондаги ерости мажмуаларга олиб борилган. Контейнерларга жойлаштирилган материаллар махсус енгил юк машиналарида кўчирилган. Ҳар бир транспорт воситаси муайян йўналиш бўйича ҳаракатланиб, уранни тарқатиш ва бир нуқтада жамланиш хавфини камайтирган.
Бу ҳолат Эроннинг стратегик режалаштиришда юқори тажрибага эгалигини кўрсатмоқда. Бундай тизимдаги логистика бир неча ой тайёргарликни талаб қилади ва ушбу муваффақиятни тасодиф деб баҳолаш мушкул. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар