date

Японияда "Twitter қотили" лақабли жиноятчи қатл этилди

Японияда "Twitter қотили" лақабли жиноятчи қатл этилди
2025-йил 27-июн куни эрталаб Япония пойтахти Токиодаги қамоқхонада Такаҳиро Шираиши исмли маҳкум қатл этилди. У 2017-йилда Канагава префектурасининг Зама шаҳрида 9 нафар ёш йигит ва қизларни ўлдирганликда айбдор деб топилган эди. Бу Япония ҳукуматининг 2022-йилдан бери илк маротаба амалга оширган қатл жазосидир ҳамда Ишиба кабинети иш бошлаганидан бери биринчи марта қатл ҳукми ижро этилди.

Шираиши Twitter орқали ўз қурбонларини топган. У ўзини “ўлим шериги” деб таништириб, ўз жонига қасд қилиш истагини билдирган ёшлар билан боғланган. Ушбу ёшлар орасида ўрта мактаб ва университет талабалари бўлган. Улар ишонч билдирганидан сўнг, Шираиши уларни ўз яшаш жойига таклиф қилган, у ерда эса уларга жинсий тажовуз қилган, сўнгра уларни ўлдириб, пулларини ўзлаштирган.

Бу ҳодиса нафақат Япония, балки бутун дунё ижтимоий тармоқларнинг хавфли жиҳатлари борасида жиддий хавотир уйғотди. Шираиши ўз жиноятини қуйидагича изоҳлаган эди: “Мен руҳий муаммолари бўлган аёлларни нишонга олардим, чунки уларни алдатиш осон эди.”

2020-йил сентябрь ойида бошланган судда Шираиши ўз айбини тан олди. Унинг адвокати бу ҳолатни “розилик асосида қилинган ўлдириш” деб талқин қилишга уринди, бу эса қаттиқроқ жазо ўрнига енгилроқ жазони назарда тутади. Бироқ суд бу даъвони рад этди. 2020-йил декабрь ойида Токионинг Татикава туман суди уни ўлим жазосига ҳукм қилди. Шираиши бу ҳукм устидан апелляция берди, аммо кейинчалик ўзи уни қайтариб олди.

2025-йил 23-июн куни Япониянинг Адлия вазири Сузуки расмий равишда қатл қарорини имзолади. 27-июн куни эса ҳукм ижро этилди. Ҳозирда Японияда қамоқхонада 105 нафар ўлим жазоси кутаётган маҳкум мавжуд.

Жабрланганларнинг оила аъзолари ва танишлари ушбу воқеага турлича муносабат билдирди. Баъзилар қатлдан хурсанд бўлишган бўлса, бошқалар Шираиши тирик қолиб, ўз қилган ишини англаб етишини исташган.

17 ёшли қизнинг отаси шундай деган: “Унинг ўлими билан ҳеч нима ўзгармайди. Менимча, у тирик қолиб, қилган жиноятлари устида ўйлаши керак эди.” Бошқа жабрланганлардан бири, 20 ёшли йигитнинг дўсти эса: “Дўстим қайтмайди. Қатл жазоси бу воқеага якун бўла олмайди,” – дейди.

Японияда ушбу жиноятдан сўнг “ўз жонига қасд қилишга ундовчи ахборотлар” билан боғлиқ 6500 дан ортиқ постлар аниқланган. Шу сабабли, Японияда давлат томонидан ижтимоий тармоқларда хавфли контентни назорат қилиш кучайтирилди, ёшлар билан ишловчи ташкилотларга молиявий ёрдам ажратилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Японияда "Twitter қотили" лақабли жиноятчи қатл этилди