date

Эрон Хитойдан қирувчи самолёт сотиб олмоқчи

Эрон Хитойдан қирувчи самолёт сотиб олмоқчи
Жаҳондаги геосиёсий зиддиятлар фондасида ҳаво устунлигини таъминлаш нафақат ҳарбий куч, балки стратегик барқарорлик учун ҳам муҳим омилга айланди. Эрон Исроил ва АҚШ билан 12 кунлик қаршиликдан сўнг ўз ҳарбий-ҳаво салоҳиятини тезкор равишда янгилаш ҳаракатида. Бу борада Хитой ишлаб чиқарган Ж-10C қирувчи самолётлари марказий ўринни эгалламоқда.

Эроннинг Ченгду Ж-10C русумли кўп мақсадли қирувчи самолётларига бўлган қизиқиши янги эмас. Бу ташаббус илк бор 2000-йиллар бошида пайдо бўлган бўлса-да, 2015 йилда 150 та самолётни харид қилиш юзасидан музокаралар сезиларли даражада илгарилаган эди. Бироқ, ўшанда тўловни хорижий валютада амалга ошириш талаб этилгани ва Эрондаги валюта танқислиги туфайли келишув амалга ошмаган. Теҳрон унга нефт ва газ билан бартер асосида ҳисоб-китоб қилишни таклиф қилган, аммо Пекин бу шартни қабул қилмаган.

2015 йилдаги музокаралар якунсиз қолган бўлса-да, 2020 йилда БМТнинг Эронга нисбатан қурол-яроғ эмбаргоси тугатилиши бу жараёнга янги туртки берди. Шу билан бирга, 150 та самолётга бўлган дастлабки буюртма 36 тагача қисқартирилди. Бироқ тўлов шакли масаласидаги келишмовчиликлар ҳали ҳам тўлиқ бартараф этилгани йўқ.

2025 йилги Милитарй Баланcе ҳисоботига кўра, Исроил билан тўқнашувлардан олдин Эронда тахминан 150 та қирувчи самолёт мавжуд бўлган. Уларнинг асосий қисми эски модел саналади — Ислом инқилобидан олдин АҚШдан олинган Ф-4 Пҳантом ИИ, Ф-5 Тигер ИИ ва Ф-14 Томcат русумлари. Бу самолётларнинг техник ҳолати талаб даражасида эмас, эҳтиёт қисмлар етишмаслиги ва хизмат кўрсатишдаги мураккабликлар уларнинг фойдаланиш самарадорлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Эрон сўнгги марта 2023 йилда Россиядан тўртта Су-35 қирувчисини харид қилган. Умумий буюртма 50 та бўлганига қарамай, Украинадаги уруш туфайли етказиб бериш муддати номаълум муддатга кечиктирилган.

Хитойга тегишли Ченгду Ж-10C — бу битта двигателли, кўп мақсадли замонавий қирувчи самолёт бўлиб, у Ф-16 ва Грипен Э каби Ғарб моделларига нисбатан арзонроқ ечим сифатида тақдим этилади. Унинг базавий комплектацияси тахминан 60 миллион доллар атрофида, тўлиқ жиҳозланган ҳолда эса нархи 90 миллион долларга етиши мумкин.

Таълим-ўқув жиҳозлари, эҳтиёт қисмлар, қурол-аслаҳа ва учувчиларни тайёрлаш харажатлари бу нархнинг ошишига олиб келади. Бу жиҳатдан Ж-10C самолёти Эрон учун техник ва молиявий жиҳатдан мос келадиган вариант сифатида кўрилмоқда.

Эроннинг ҳаво кучларини модернизация қилишга уриниши нафақат Теҳроннинг минтақавий позициясини мустаҳкамлайди, балки кенгроқ геосиёсий ўзгаришларни англатиши мумкин. Хусусан, Хитойнинг ҳарбий техникасини танлаётгани — Ғарб қурол бозорига нисбатан альтернативаларнинг кучайиб бораётганидан далолат. Бу жараён Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам муҳим таҳлилларни талаб этади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон Хитойдан қирувчи самолёт сотиб олмоқчи