
Хитойнинг Гансу вилоятида жойлашган хусусий "Пейсин" мактабгача таълим муассасасида содир бўлган ҳодиса бутун мамлакат бўйлаб кенг жамоатчилик эътиборини қозонди. Бир қарашда безакли таомлар орқали болаларга хурсандчилик улашиш ниятида қилинган иш, афсуски, юзлаб болалар саломатлигига катта зарар етказди.
Жорий йилда Тяньшуй шаҳридаги ушбу болалар боғчасида 233 нафар болада юқори даражадаги қўрғошин заҳарланиши қайд этилди. Бу ҳолат озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги жиддий назоратсизлик ва масъулиятсизликнинг аянчли оқибатларидан бири бўлиб қолди.
Газакка айланган хавф: қизил хурмо пироги ва колбасали булочка
Болалар томонидан истеъмол қилинган қизил хурмо пироги ва колбасали жўхори булочкаси таркибидан олинган намунадаги қўрғошин миқдори миллий меъёрдан минг марта ошиқ экани аниқланди. Аниқ рақамлар бўйича қизил хурмо пирогида 1052 мг/кг ва жўхори булочкасининг таркибида 1340 мг/кг қўрғошин моддаси аниқланган. Мазкур меъёр эса 0.5 мг/кгни ташкил этади — бу эса уларни инсон организми учун жуда катта хавфли маҳсулотлар деб ҳисоблашга асос бўлади.
Тахминларга кўра, таомлар безатилиши учун фойдаланилган бу рангли моддалар интернет орқали харид қилинган ва унинг ташқи идишида очиқ-ойдин қилиб "истеъмол учун мўлжалланмаган" деб ёзилган бўлган.
Ота-оналар ташвишда: заҳар таъсири болаларни кучсизлантирмоқда
Кўплаб болалар март ойидан бери қорин оғриғи, оёқларида оғриқ ва иштаханинг йўқолиши каби аломатлардан шикоят қилмоқда. Бу эса моддаларнинг танада жамғарилиб боришига ишора қилади. Шу каби белгилари бор болалар ота-оналари ташвишга тушиб, болаларни текшириш учун шифохоналарга олиб боришни бошлади.
Ота-оналардан бири, Лиу жаноблари, ўз фарзандини Хитойнинг Сиань шаҳридаги шифохонага олиб борганини маълум қилди. Натижада болага 10 кун давомида шифокор назорати ва махсус дори-дармонлар тавсия этилди.
Ошхонадаги камера: ҳалокатга етакловчи лаҳзалар тасвирга олинган
Маҳаллий полиция томонидан ўтказилган суриштирувлар натижасида ошхонанинг кузатув камерасида олинган видеолар телевидение орқали намойиш этилди. Унда ошпазлар овқат тайёрлаш жараёнида таомларга махсус бўёқ модда қўшгани аниқ намоён бўлди.
Ҳозирги вақтда болалар боғчасининг директори ва унга алоқадор яна етти нафар ходим, жумладан асосий сармоядор ҳам ушбу ҳолат юзасидан "зарарли ва заҳарли маҳсулот ишлаб чиқариш" моддаси бўйича тергов қилинмоқда.
Қўрғошин заҳарланиши — организм учун қандай хавф солади?
Қўрғошин одам организмида аста-секин йиғиладиган оғир металл бўлиб, унинг юқори даражада бўлиши болалар саломатлиги учун айниқса хавфли. У болаларнинг жигар, асаб тизими, сўрилиш ва иммунитет тизимига салбий таъсир кўрсатади.
Кўп ҳолларда қўрғошин заҳарланиши камқонлик, таълим жараёнидаги қийинчиликлар, кечиккан руҳий ривожланиш ва хатто доимий неврологик шикастларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Нима учун бу фожиа юз берди?
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бу воқеа нафақат алоҳида муассасадаги масъулиятсизлик, балки умумий озиқ-овқат назорати тизимидаги етишмовчилик ва катта камчиликларни намоён қилган.
Тяньшуй шаҳри ҳокими Лю Лицзян бу фожиани жамоатчилик олдида тан олиб, шаҳар маъмурияти ушбу ҳодисадан жиддий хулоса чиқаришини ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик чоралари кўрилишини маълум қилди.
Ҳукумат қандай чоралар кўрмоқда?
Хитой давлат оммавий ахборот воситалари хабар беришича, марказий ҳукумат ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу воқеа бўйича алоҳида назорат гуруҳи ташкил этган. Тергов ишлари кенг кўламда давом этмоқда ва мактабгача таълим муассасаларидаги санитар стандартлар ва озиқ-овқат таъминотини текшириш ишлари кучайтирилган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар