date

Air India ҳалокатига оид янги сафсилотлар

Air India ҳалокатига оид янги сафсилотлар
Ўтган ой Ҳиндистонда рўй берган ва 260 кишининг ҳаётига зомин бўлган авиация фожиаси юзасидан дастлабки ҳисобот эълон қилинди. Бу ҳақида Реутерс хабар берди.
Ҳиндистоннинг Аҳмедабад шаҳридан Лондонга йўл олган Air India компаниясига тегишли Боэинг 787 Дреамлинер самолёти ҳавога кўтарилганидан бир неча дақиқа ўтиб қулаган эди.

Ҳиндистон Фуқаро авиацияси вазирлиги ҳузуридаги Авиация ҳодисаларини текшириш бюроси томонидан чоп этилган ҳисоботда ҳалокат сабаби сифатида двигателларни ёқиб-ўчириш учун мўлжалланган ёқилғи клапанларининг деярли бир вақтда ўчирилгани кўрсатилган. Бу ҳаракат двигателларга ёқилғи етказиб беришни бирдан тўхтатган ва натижада самолёт қулаган.

Ҳисоботда ёзилишича, қулашдан олдин кабинада бўлган суҳбатларда бир учувчи бошқасидан: "Нега ёқилғини узиб қўйдинг?" деб сўраган. Бунга жавобан иккинчи учувчи: "Мен қилмаганман," деб жавоб қайтарган. Ҳисоботда бу сўзлар қайси учувчига тегишли экани аниқ кўрсатилмаган.

56 ёшли бош учувчи Сумеет Сабҳарвал 15,600 соатдан ортиқ парвоз тажрибасига эга бўлиб, Air Indiaда инструкторга айланган эди. Иккинчи учувчи эса 32 ёшли Клив Кундер бўлиб, 3,400 соатдан зиёд парвоз тажрибасига эга эди.

Мутахассисларнинг фикрича, двигателларни ўчириш учун мўлжалланган ёқилғи клапанлари тасодифан ҳаракатга келиши деярли имконсиз. Улар одатда самолёт ерга қўнганидан кейин ёки фавқулодда вазиятда ўчирилади. Ҳалокат содир бўлган вақтда бундай вазият бўлмагани аниқланган.

АҚШ авиация хавфсизлиги эксперти Антонй Брикҳаус бу ҳаракатлар онгли равишда амалга оширилган бўлиши мумкинлигига ишора қилиб, савол қўйди:

"Агар буни учувчи бажарган бўлса — нега?"

Қизиқарли жиҳати шундаки, самолёт қулаганидан кейин унинг орқа томонида жойлашган ёқилғи клапанлари "иш режимида" (яъни ёқилган ҳолатда) топилган. Бу двигателларда қулашдан олдин қисқа муддатли қайта ёқилиш ҳаракати бўлганини кўрсатади.

Ҳалокат Air India компаниясининг сўнгги йиллардаги янгиланиш ва ишончни тиклаш ҳаракатларига жиддий зарба берди. Ҳиндистон ҳукумати томонидан 2022-йилда хусусийлаштирилган ва Тата Груп тасарруфига ўтган компания янги самолётлар хариди, хизмат сифати ва хавфсизликни ошириш устида иш олиб бораётган эди.

Европа Иттифоқи ва Ҳиндистоннинг авиация назорат органлари Air India Express компаниясини ҳам жиддий текширувга олди. Сабаби – баъзи двигател қисмлари ўз вақтида янгиланмаганлиги ва ҳужжатлар сохталаштирилганига оид айбловлардир.

Ҳозирча Boeing ҳамда двигател ишлаб чиқарувчиси GE Aerospace компанияларининг бу фожиа юзасидан айби аниқланмаган. АҚШнинг Миллий Транспорт Хавфсизлиги Кенгаши Ҳиндистон расмийлари билан ҳамкорлик қилганини билдирди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Air India ҳалокатига оид янги сафсилотлар