Amazon дрони посилкани ҳовлига эмас, бассейнга ташлади

АҚШнинг Техас штатида Amazon’нинг дрон орқали етказиб бериш хизмати кутилмаган ҳолат билан якунланди. Ричмонд шаҳрида яшовчи Линдси Остиннинг буюртмасини олиб келган дрон посилкани ҳовлига эмас, тўғридан-тўғри бассейнга ташлаб юборди. Воқеа акс этган видео интернетда тарқалди.
Остиннинг айтишича, у буюртмаси дрон орқали етказиб берилаётгани ҳақида хабар олган. Дроннинг баланд овозини эшитиб, ҳовлига чиққан аёл юкни бассейн устига ташлаб юборганига гувоҳ бўлган.
Қизиғи, Amazon’нинг ўзи Prime Air тизими учун етказиб бериш нуқталарини аниқлашда сунъий йўлдош хариталаридан фойдаланади. Компания аввалроқ бассейн сунъий йўлдош тасвирида текис юза сифатида кўриниши мумкинлигини, бироқ у етказиб бериш учун мос жой эмаслигини таъкидлаган эди.
Мазкур ҳолат Amazon дронлари билан боғлиқ илк бундай хато эмас. Аввалроқ бошқа ҳудудларда ҳам айрим посилкалар сув ҳавзалари ёки бассейнларга тушиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Шунга қарамай, Amazon Prime Air хизматини жадал кенгайтирмоқда. Компания 2026 йил охирига қадар АҚШнинг қарийб 500 та шаҳри ва аҳоли пунктида дрон орқали етказиб беришни йўлга қўйишни режалаштирган. Ҳозирда хизмат 11 та манзилда ишламоқда.
Amazon маълумотларига кўра, Prime Air орқали мос маҳсулотларни 30 дақиқагача бўлган вақт ичида етказиб бериш мумкин. Дронлар буюртмани етказишдан олдин белгиланган ҳудудда одамлар, ҳайвонлар ёки транспорт воситалари йўқлигини текширади.






























Изоҳлар 0
…