date

Ғазо марказида ҳаво ҳужуми: Исроил армияси "техник хато"ни тан олди

Ғазо марказида ҳаво ҳужуми: Исроил армияси "техник хато"ни тан олди
Ғазо секторининг марказий қисмида сув олиш учун навбатда турган тинч аҳоли орасига уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида, 10 киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида олти нафар бола борлиги айтилмоқда. Маҳаллий шифохоналарга кўра, 16 киши, жумладан етти бола жароҳат олган.

Гувоҳларнинг айтишича, Ал-Нусейрат қочқинлар лагерида жойлашган сув тарқатиш пунктида навбатда турган одамлар орасига дрон томонидан ракета отилган. Ҳодиса жойидан олинган тасвирлар болалар ва катталар орасида талофатлар бўлганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Исроил Мудофаа Кучлари (ИДФ) бу ҳужумни тан олди ва "Исломий Жиҳод" жангариси нишонга олинаётган вақтда ракета нишондан бир неча метр нарига тушганини билдирди. Ҳарбийлар бу ҳолатни "техник хато" деб атади ва ҳодиса текширилаётганини маълум қилди. ИДФ ўз баёнотида тинч аҳолига зарар етишидан афсусда эканини, бундай ҳолатларнинг олдини олишга ҳаракат қилинаётганини таъкидлади.

Бу ҳодиса Нусейратдаги мактаб ва болалар боғчаси яқинида содир бўлгани халқаро ҳамжамиятни жиддий хавотирга солиши керак.

Ғазода бу ҳодиса якшанба куни содир бўлган бўлиб, шу куни бошқа жойларда ҳам Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида камида 19 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Улар орасида марказий Ғазо ва Ғазо шаҳридаги уйлар нишонга олинган деган маълумотлар бор.

Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ИCРC) Рафаҳ шаҳридаги дала шифохонаси сўнгги олти ҳафта ичида 3,400 дан ортиқ қуролдан жароҳатланган беморларни қабул қилганини билдирди. Улардан 250 нафари ҳаётдан кўз юмган. Сўнгги кунларда бу шифохонага айниқса озиқ-овқат тарқатиш жойлари яқинида яраланган одамлар кўп олиб келингани айтилмоқда.

Шанба куни Нассер шифохонаси эса озиқ-овқат тарқатилаётган ҳудуд яқинида 24 кишининг ўлими ҳақида хабар берди. Гувоҳлар бу ерда Исроил аскарлари одамлар устига ўқ узганини айтмоқда. Бироқ Исроил томони бу айбловларни инкор этиб, фақат огоҳлантирувчи ўқ узилганини таъкидлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ғазо марказида ҳаво ҳужуми: Исроил армияси "техник хато"ни тан олди