date

Эрон президентини “сувли бензин” туфайли таксига ўтиришга мажбур қилган ҳолат

Эрон президентини “сувли бензин” туфайли таксига ўтиришга мажбур қилган ҳолат
Эронда кутилмаган воқеа жамоатчилик муҳокамасини қўзғади: мамлакат президенти Масъуд Пизишкиён Табариз шаҳрига хизмат сафари пайтида кортежидаги учта автомобиль бир пайтда тўхтаб қолгани сабабли, йўлини давом эттириш учун такси чақиришга мажбур бўлди, деб хабар берди nasrnews.ir.

Маълум бўлишича, президентнинг автомашиналарига йўлдаги ёқилғи қуйиш шохобчасида сув аралаштирилган бензин қуйилган. Бу ҳақда президентнинг махсус инспектори Мустафо Мовлавий маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, сифатсиз ёқилғи оқибатида президентнинг кортежи Қазвин вилояти ҳудудида йўлда қолиб кетган ва бу фавқулодда ҳолат бўлиб, президент ҳеч қандай расмий суриштирув талаб қилмаган.

Мустафо Мовлавий таъкидлашича, бу каби ҳолатларни фақат расмий шахслар эмас, балки ҳар қандай оддий фуқаро бошидан кечириши мумкин. Йўлдаги сифатсиз бензин муаммоси мамлакатдаги транспорт тизими учун жиддий хавотирли масала эканини яна бир бор очиқ кўрсатди.

Президентнинг “сувли бензин” туфайли кортеж билан йўлда қолиб кетиши, Табаризга таксида етиб бориши ва бу вазиятга сабр билан ёндашгани маҳаллий ва хорижий ОАВларда катта муҳокамага сабаб бўлди. Айни пайтда, ушбу ҳолат бензин сифати устидан давлат даражасида қатъий назорат талаб этилаётгани ҳақидаги баҳсларни янада кучайтирди.

Таҳлилчилар фикрича, бу каби воқеалар халқ турмуши ва ишончини мустаҳкамлашда муҳим сабоқ сифатида хизмат қилиши мумкин. Чунки, мамлакат раҳбари ҳам оддий фуқаро каби муаммога дуч келиши – давлат тизимида барчага тенг муносабат кераклигини яққол кўрсатади.

Эрондаги бу воқеа транспорт ва ёқилғи соҳасидаги тизимли муаммоларга яна бир бор эътибор қаратишга туртки бўлди. Жамоатчилик эса энди бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун чоралар кўрилишини кутмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон президентини “сувли бензин” туфайли таксига ўтиришга мажбур қилган ҳолат