
Шимолий Корея расмийлари томонидан 2025-йил 1-июл куни очилган Wонсан Кальма денгизбўйи туристик ҳудуди хорижий сайёҳлар учун вақтинча ёпилди. Бу ҳақда мамлакатнинг расмий туризм сайти хабар берди, деб BBC ёзмоқда.
Мазкур курорт Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг туризм орқали иқтисодни жонлантириш мақсадида амалга оширган муҳим лойиҳаларидан бири саналган эди. Аввалига бу жой маҳаллийлар ва чет элликлар учун очиқ бўлиши эълон қилинган бўлса-да, ҳозирда фақат ички туризм учун ишлаётгани тасдиқланди.
Ўтган ҳафта Wонсанга илк россиялик сайёҳлар келгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ташриф Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг Ким билан учрашуви билан бир пайтга тўғри келди. Лавров бу курортни “ажойиб сайёҳлик маскани” деб баҳолаб, руслар орасида машҳурлашишига умид билдирган.
Шунингдек, Москва ва Пхенян ўртасида тўғридан-тўғри авиарейслар жорий ой охирида йўлга қўйилиши кутилмоқда. Россиялик турфирмалар эса яқин ойлар учун яна бир неча саёҳатларни режалаштиргани маълум қилган.
Wонсан шаҳри Шимолий Кореянинг шарқий соҳилида жойлашган бўлиб, у ҳарбий объектлар ва йирик порт инфратузилмалари билан машҳур. Бу шаҳар Ким Чен Иннинг болалиги ўтган маскан ҳисобланади.
Янги курорт ҳудуди 4 км узунликдаги соҳил бўйлаб қурилган меҳмонхоналар, ресторанлар, савдо марказлари ва сув боғини ўз ичига олади. Давлат ОАВга кўра, бу жой бир вақтда 20 000 меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга.
Бироқ қурилиш ишлари 2018-йилда бошланганидан бери инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ишчиларнинг мажбурий ва оғир шароитдаги меҳнати борасида эътироз билдириб келмоқда.
24-июн куни курортнинг очилиш маросимида Ким Чен Ин оиласи ва Россия элчилари иштирок этган.
Шимолий Корея ўтган йили пандемиядан сўнг илк бор Россиялик сайёҳларга киришга рухсат берган, 2025-йил февралида эса Австралия, Германия, Франция ва Британиядан ҳам меҳмонларни қабул қилган эди. Аммо бир неча ҳафта ўтиб, бу ташрифлар тўхтатилди. Сабаби эса очиқланмаган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар