date

Си, Трамп ва Путин Пекинда тарихий учрашув ўтказадими?

Си, Трамп ва Путин Пекинда тарихий учрашув ўтказадими?
Хитой пойтахти Пекин 3 сентябрь куни жаҳон сиёсий саҳнасида улкан аҳамиятга эга воқеага мезбонлик қилиши мумкин. Иккинчи жаҳон уруши якунланишига бағишланган тантаналар доирасида АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин иштирокида юқори даражали уч томонлама учрашув ташкил этилиши эҳтимолдан ҳоли эмас, деб хабар берди thetimes.com.

Ушбу эҳтимолий дипломатик ташаббус Хитой раҳбари Си Жинпингнинг шахсий ташаббуси сифатида баҳоланмоқда. Марказий Осиё, Европа ва АҚШдаги сиёсий таҳлилчилар бу учрашувни нафақат тарихий, балки жаҳон тинчлиги ва келгуси халқаро муносабатлар учун йўналтирувчи воқеа деб баҳолашмоқда.

Маълумотларга кўра, Россия президенти Владимир Путин ушбу тантаналарда қатнашиш ниятини аллақачон расман тасдиқлаган. Айни пайтда эса Трампнинг ташрифи эҳтимоли ортиб бормоқда. Таҳлилчилар бу ташриф 1 сентябрда тугайдиган "ультиматум муддати" билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидламоқда. Аввалроқ Доналд Трамп Россияга Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш учун аниқ муддат — 50 кунлик муҳлат берганди.

Шу ўринда хитойлик сиёсатшунослар ва жамоатчилик вакиллари ҳам ушбу санадаги байрам тадбирларини фақат тарихий хотира эмас, балки халқаро мулоқот учун майдон сифатида кўришни таклиф қилмоқда. Улар, жумладан, юртда танилган миллатчи Цзин Цзанжун ҳам ўз фикрини очиқ билдириб, қуйидагича таъкидлади:

“Нима учун Трампни ушбу парадга таклиф қилмаслигимиз керак? Агар у келишга рози бўлса ва Путин билан Си Жинпинг қаторида турса, бу дунё жамоатчилигига жуда кучли ижобий сигнал бўлади. Уч давлат раҳбарининг бир сафи — бу тинчлик ва барқарорлик рамзи бўлиши мумкин”.

Айни пайтда расмий тасдиқ мавжуд эмас, бироқ сиёсий муҳитда ушбу учрашув бўйича муҳокамалар қизғин давом этмоқда. Пекиндаги парад тантаналари ортидан юз берадиган воқеалар халқаро ахборот майдонида аллақачон диққат марказига айланиб улгурди.

Ҳозирча Доналд Трамп ташрифига доир расмий маълумот берилмаган, аммо бу учрашув амалга ошса, у нафақат Хитойда, балки бутун дунёдаги геосиёсий муносабатларга кучли таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Си Жинпинг бу жараёнда ўта муҳим дипломатик шахс сифатида яна бир бор намоён бўлиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Си, Трамп ва Путин Пекинда тарихий учрашув ўтказадими?