
Россияда онлайн-кинотеатрлар ва йирик ижтимоий тармоқларга нисбатан янги қонуний чекловлар жорий этилиши кутилмоқда. Давлат Думасининг ахборот сиёсати бўйича қўмитаси мамлакатнинг “анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларини» камситувчи фильмларни блоклаш мажбуриятини онлайн платформалар зиммасига юкловчи қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Pravilamag нашри хабар берди.
Янги тартибга кўра, кунлик фойдаланувчилар сони 100 мингдан ошадиган сайтлар, шу жумладан онлайн кинотеатрлар, Россия Маданият вазирлиги томонидан “қадриятларни камситувчи” деб топилган ёки кино прокат гувоҳномасидан маҳрум этилган фильмларни бир сутка ичида ўз платформаларидан олиб ташлаши шарт бўлади.
Агар талаб бажарилмаса, Роскомнадзор аралашади ва платформаларга нисбатан чоралар кўрилиши мумкин.
Шунингдек, 500 мингдан ортиқ фойдаланувчига эга ижтимоий тармоқлар ҳам ушбу қонундан мустасно эмас. Агар фойдаланувчи шахсий саҳифасида тақиқланган контентни жойлаштирса, платформа бу контентни ўчириши лозим бўлади.
Янги қонун қабул қилинса, Маданият вазирлиги прокат гувоҳномаларини бекор қилиш ёки уларга исталган вақтда ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ўзгаришлар, масалан, фильмнинг ёшга оид чекловларини кучайтириш кўринишида бўлиши мумкин.
Қонун лойиҳасига биноан, Россияда прокатга чиқиш ҳуқуқини олган фильмлар эндиликда “анъанавий қадриятларни” ҳурмат қилиши керак бўлади. Ушбу тамойилларга зид бўлган асарлар рухсатдан маҳрум этилади.
Қонун лойиҳаси 24 июн куни Давлат Думасида биринчи ўқишда маъқулланган. Ҳозирча иккинчи ўқиш санаси белгиланмаган. Ҳужжат кучга кирса, у 2026 йил 1 мартдан бошлаб амал қила бошлайди.
Тузатишлар муаллифи – Давлат Думасининг ахборот сиёсати бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Антон Горелкин ҳисобланади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар