date

Хитойда 230 нафар болани заҳарлаганларни ҳибсга олишди

Хитойда 230 нафар болани заҳарлаганларни ҳибсга олишди
. Хитойнинг Гансу вилоятидаги Тианшуи шаҳрида жойлашган Броwнстоне Пеихин боғчасида 230 дан ортиқ бола саноат бўёқлари асосида тайёрланган қоришмалар қўшилган таомлардан заҳарланди. Бу воқеа ой бошида юз берган бўлиб, мамлакатдаги мактаб ва боғчаларда озиқ-овқат хавфсизлигига оид энг йирик фош этишлардан бири сифатида эътироф этилди.

. Гансу вилояти партия қўмитаси томонидан эълон қилинган сўнгги текширув ҳисоботида мактаб ва боғчада хавфсизлик чораларида ва назорат ишлари бўйича жиддий камчиликлар аниқлангани, шунингдек, воқеани яшириш, масъулларни пора билан оғдириш ва тест натижаларини ўзгартиришга уринишлар бўлгани қайд этилди.

. Маълум бўлишича, боғча директори болалар сонини ошириш мақсадида таомларнинг кўринишини ёрқинроқ қилиш учун саноат бўёқларидан фойдаланишга буйруқ берган. Ошпаз эса онлайн дўкондан махсус саноат бўёқлари сотиб олиб, уларни таомларга қўшган. Ушбу маҳсулотларда “истеъмол учун мўлжалланмаган” деган ёзув бўлганига қарамай, ошпаз уларни ишлатган. Энг хавфли модда таркибида қон учун хавфли бўлган қўрғошин миқдори меъёрдан 400 000 марта юқори экани аниқланган. Илгари боғча арзонроқ ва хавфсиз озиқ-овқат ранглари ишлатган, аммо бу гал тўқ ёрқин рангга эришиш учун хавфли саноат бўёқларини танлашган.

. Натижада, дастлаб 235 нафар бола шифохонага ётқизилган. Болаларнинг айримларида қорин оғриғи, кўнгил айниши кузатилган ва баъзи болаларнинг тишлари қорайиб кетган. Якуний текширувларга кўра, 247 нафар бола ва баъзи ходимларда, жумладан, директорнинг ҳам қонида қўрғошин миқдори меъёридан юқори бўлгани маълум қилинган.

. Мактабнинг 6 нафар ходими, жумладан, директор, махсус заҳарли маҳсулотлардан фойдаланганликда айбланиб ҳибсга олинган. Шунингдек, мактаб, шифохона ва маҳаллий ҳокимиятда ишлайдиган 27 нафар ходимга нисбатан интизомий суриштирув бошланган.

. Ҳисоботда таъкидланишича, жараёнда барча босқичларда жиддий хато ва камчиликлар содир этилган. Вилоят Санитария-эпидемиология назорати маркази ҳолатни қабул қилгандан сўнг етарлича суриштирмаган, синов намуналари санитария талабларига зид олинган ва натижада натижалар ва асл кўрсаткичлар ўртасида катта тафовут юзага келган.

. Тианшуи Иккинчи халқ шифохонасида камида икки боланинг натижалари ноқонуний ўзгартирилиб, қондаги қўрғошин миқдори сунъий тарзда камайтирилган. Ҳисоботда лабораторияда иш тартиби самарасиз, масъулиятлар аниқ тақсимланмаган ва мутахассислар етарли тайёргарликка эга эмаслиги айтилган.

. Маҳаллий таълим бошқармасига нисбатан ҳам жиддий айбловлар илгари сурилган: икки йилдан бери хусусий боғчаларда санитария ва озиқ-овқат хавфсизлиги текширувлари ўтказилмаган, боғча эса қиммат тўлов олишига қарамасдан тегишли лицензиясиз фаолият юритган. Айрим мансабдорлар асосий инвестор ва боғча билан боғлиқ шахслардан манфаатдор бўлгани ва порахўрликда гумон қилинмоқда. Хитойнинг юқори даражадаги коррупцияга қарши идораси ҳукумат ва шифохонадаги мансабдорлар устидан суриштирув бошлади.

. Барча болалар даволанган, фақат биттаси даволанишни давом эттирмоқда. Биринчи даволаш босқичида қондаги қўрғошин миқдори ўртача 40% камайган.

. Вилоят ҳокимияти ва партия қўмитаси болалар ва ота-оналардан чуқур афсусдалигини маълум қилди.

. Мақола эълон қилиниши билан боғча олдида катта норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Ота-оналар вакиллари ва полиция ўртасида тортишувлар ва йўлларни тўсиб қўйиш ҳолатлари кузатилди. Видео ёзувларда полициячилар ва фуқаролар ўртасида куч ишлатиш ва тортишувлар акс этган. Ота-оналар “Зўравонларни топширинг!” деб талаб қилишган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойда 230 нафар болани заҳарлаганларни ҳибсга олишди