date

Хитойда кучли ёмғир талафот келтирди

Хитойда кучли ёмғир талафот келтирди
Пекин атрофидаги ҳудудларда юз берган кучли ёмғир ва тошқинлар икки кишининг ҳаётига зомин бўлди, минглаб одамлар хавфсиз жойларга кўчирилмоқда. Мамлакат ҳукумати кучли ёғингарчилик натижасида ер қўчкиси ва сув тошқинлари хавфи ҳақида огоҳлантиришлар бермоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Хебей вилоятида икки киши ҳалок бўлган, яна икки киши бедарак йўқолган. Айниқса, Фупинг туманида кечаси соатига 145 мм ёғингарчилик кузатилган — бу минтақада рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Хитой Сув ресурслари вазирлиги Пекин, Хебей ва яна 9 та вилоятга кичик ва ўрта дарёларда сув тошқинлари ва тоғ дарёларининг тошиб кетиши хавфи ҳақида махсус огоҳлантиришлар юборган.

Пекин шаҳри яқинидаги Миюн тумани энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири бўлиб, айрим қишлоқларда электр энергияси ва алоқа узилган. Маҳаллий радиостанцияларнинг хабарларига кўра, 3 мингдан ортиқ киши бу ҳудуддан эвакуация қилинган.

Метеорологик кузатувларга кўра, кучли ёмғирлар яқин соатларда давом этади. Айниқса, Миюн атрофидаги баъзи ҳудудларда олти соат ичида 100 мм дан ортиқ ёғингарчилик кутилмоқда. Бу эса пастлик ҳудудларда сув тўпланиш хавфини янада кучайтиради.

Шанба куни Пекин ҳокимияти кучли ёғингарчилик ортидан ер қўчкиси, лой ва тошқинлар бўйича хавф даражасини оширди. Хусусан, Баодин шаҳрида бир кечада йилига мўлжалланган ёғин миқдори — 540 мм — атиги саккиз соатда ёғиб тушган. Бу шаҳар бўйича ўртача йиллик ёғингарчиликдан ҳам кўпдир. Натижада 46 мингдан ортиқ киши зарар кўрди, 4 655 киши эвакуация қилинди.

Сўнгги йилларда Хитойнинг одатда қуруқчилик бўлган шимолий ҳудудларида ёғингарчилик кўпаймоқда. Баъзилар бу ҳолатни глобал исиш билан боғламоқда. Айни пайтда бу турдаги кучли ёғинлар мамлакат инфратузилмаси, айниқса эскирган тошқинларга қарши ҳимоя тизимлари учун катта синов бўлмоқда. Улар миллионлаб одамларнинг ҳаётига таҳдид солади, шунингдек, 2.8 триллион долларлик Хитой қишлоқ хўжалиги секторига жиддий зарар етказмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойда кучли ёмғир талафот келтирди