Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин мамлакат Корея урушидаги ўт очишни тўхтатиш битими йилилигини нишонлар экан, "империализм ва АҚШга қарши курашда албатта ғалаба қозонамиз", деб баёнот берди.
Ким Чен Иннинг бу баёноти у 1950–1953-йиллардаги Корея уришига бағишланган ҳарбий музейга ташриф буюрганида айтилган. У мамлакат ҳарбий салоҳиятини кучайтириш ва уни "кучли армияга эга бой давлат"га айлантириш йўлида давом этишини таъкидлади.
Корея уруши ва "Ғалаба куни"
1953 йил 27-июлда АҚШ ва Хитой вакиллари билан имзоланган ўт очишни тўхтатиш битими урушни расмий якунлади. Уруш давомида иккала томон ҳам бир неча бор ҳужум ва орқага чекиниш билан Корея ярим оролини кесиб ўтган. Битимга кўра, Корея икки қисмга – Шимолий ва Жанубий Кореяга бўлинди.
Шимолий Корея ушбу санани ҳар йили “Ғалаба куни” сифатида нишонлайди. Жанубий Корея эса расмий тадбирлар ўтказмайди, бироқ АҚШдаги мемориалларда фахрийлар хотирланади.
Жанубий Корея ва АҚШ иттифоқи мустаҳкамланмоқда
Вашингтонда ўтказилган хотира тадбирида Жанубий Корея президенти Ли Че Мёнг АҚШ билан стратегик иттифоқни янада мустаҳкамлашга ваъда берди.
"Биз сиёсат, хавфсизлик, иқтисод ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириб, қон билан боғланган Жанубий Корея-АҚШ иттифоқини мустаҳкамлаймиз. Бу орқали Корея ярим оролида эркинлик ва тинчликни ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз", — деди президент.
Шимолий Кореянинг Россия билан ҳамкорлиги ортиб бормоқда
Жанубий Корея расмийларига кўра, Шимолий Корея Россияга минглаб ҳарбий хизматчиларини юборган. Хусусан, улар Курск вилоятида жойлаштирилган. Пхеньян, шунингдек, Россияга ўқ-дорилар етказиб бергани айтилаётир. Яқин ойларда яна ҳарбий кучлар юборилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Ким Чен Ин, шунингдек, уруш фахрийлари хотирасига бағишланган бир нечта ёдгорликларни зиёрат қилиб, Хитой армияси жангчилари шарафига қурилган "Дўстлик минораси"да бўлди. У артиллерия қисмлари билан ҳам учрашиб, бу тарихий санани нишонлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!