date

Японияда дўконда ишлаган ўқитувчи ишдан ҳайдалди

Японияда дўконда ишлаган ўқитувчи ишдан ҳайдалди

Японияда бир ўқитувчи дам олиш пайтидаги қўшимча фаолияти туфайли асосий ишидан маҳрум бўлди. 60 ёшли мактаб муаллими маошини тўлдириш мақсадида уйи яқинида жойлашган маркетда савдо сотиқ билан шуғулланган.

Унинг бу ҳаракати ҳеч қандай қонунбузарлик сифатида қайд этилмаган бўлса-да, маҳаллий таълим тизими бундай ҳолатларга қарши қаттиқ ёндашади. Ҳолат дўконга келган мижозлардан бири томонидан таълим департаментига шикоят қилинганидан сўнг ошкор бўлди.

Мактаб директори бу хабарни эшитгач, шахсан ўша дўконга келиб вазиятга гувоҳ бўлган ва ўқитувчининг қўшимча фаолиятини "ўқув жараёнига салбий таъсир кўрсатади" дея баҳолаган. Шундан сўнг ўқитувчи ишдан бўшатилган.

Эътиборлиси, муаллим бирор марта ҳам дарсни қолдирмаган, ўқувчиларга етарли даражада эътибор қаратган ва ўз вазифаларини виждонан бажариб келган. Аммо раҳбарият уни ота-оналар ва ўқувчилар олдида кечирим сўрашга ҳам мажбур қилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Японияда қўшимча ишлашга нисбатан жуда салбий муносабат мавжуд. Уларнинг фикрича, бу асосий ишга чарчоқ ва эътиборсизлик билан қарашга сабаб бўлади. Шу сабабли давлат идоралари, айниқса таълим муассасалари бу масалада қаттиқ интизом талаб қилади.

Шу билан бирга, кўпчилик бу қарорни ортиқча қаттиққўллик деб баҳоламоқда. Уларга кўра, муаллимнинг қўшимча иш қилиши – молиявий эҳтиёж билан боғлиқ реал ҳолат бўлиб, унга тушуниш билан ёндашиш керак эди.

Ижтимоий тармоқларда ҳам бу воқеа қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Айримлар устозни ҳимоя қилса, бошқалар тизимни қўллаб-қувватлади. Ҳар ҳолда, бу ҳолат Японияда касбий этикага қандай ёндашиш лозимлиги ҳақида жиддий мулоҳаза уйғотди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Японияда дўконда ишлаган ўқитувчи ишдан ҳайдалди