Санкт-Петербург ҳукумати чет эл фуқароларининг шаҳар ҳудудида такси ҳайдовчиси сифатида иш фаолиятини 2025 йил охиригача чеклашга қарор қилди. Бу ҳақда “Meduza” нашри шаҳар маъмурияти маълумотларига таяник хабар тарқатди. Расмийлар бундай чеклов Россия фуқаролари учун янги иш имкониятларини яратиш ва транспорт хизматларида хавфсизликни ошириш мақсадида жорий этилганини таъкидламоқда.
Маълумотларга кўра, Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов махсус фармон имзолаган. Унга биноан, патент асосида ишлаётган чет эл фуқаролари “енгил такси ва ҳайдовчиси бўлган ижарага олинган енгил автомобиллар” соҳасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Бу қарор 2025 йил охирига қадар амал қилади. Яъни, келгуси бир ярим йил давомида шаҳарда фақат Россия фуқароларигина таксида ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Ушбу янги тартиб жорий этилиши муносабати билан, ҳозирда мигрант ҳайдовчиларни ишга жалб қилган такси компанияларига уч ойлик ўтиш даври берилди. Бу муддат ичида улар мавжуд меҳнат шартномаларини тугатиши ва янги, маҳаллий ҳайдовчиларни ёллаши керак бўлади. Қарор 2025 йил 7 августдан расман кучга киради.
Шаҳар маъмуриятининг баёнотида таъкидланишича, тақиқ такси хизматларининг сифати ва хавфсизлигини яхшилаш, шунингдек, маҳаллий аҳоли учун иш ўринлари яратиш мақсадида қабул қилинган. Шу орқали, шаҳардаги иқтисодий ва ижтимоий барқарорликни сақлашга ҳам эътибор қаратилади.
Расмийлар мазкур чеклов чораси орқали 2025 йил якунигача унинг ижтимоий-иқтисодий самарасини таҳлил қилишни ва 2026 йилдан кейин ҳам ушбу йўналишда чоралар кўриш лозимлигини аниқлашни мақсад қилган. Қайд этилишича, бу қарор бир неча ой давомида муҳокама қилинган ва дастлаб, 2025 йил 1 июлдан чет элликларга курьерлик фаолиятини ҳам тақиқлаш режалаштирилган эди.
Айтиш жоизки, бу Россияда мигрантлар фаолиятини чеклаш бўйича биринчи ҳолат эмас. 2015 йилдан буён мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида чет эллик ишчилар учун турли чекловлар жорий қилинган. Жумладан, сўнгги йил ичида Татаристон, Камчатка ва Омск вилоятларида ҳам мигрантларнинг такси соҳасида ишлашини тақиқлаш ҳолатлари қайд этилган.
Zamin.uz таҳририяти бу масала бўйича янги маълумотларни доимий равишда ёритиб боради. Бизни кузатиб боринг.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!