date

Ҳиндистон: Покистон билан можарони АҚШ босими остида тўхтатмадик

Ҳиндистон: Покистон билан можарони АҚШ босими остида тўхтатмадик
Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ҳиндистон-Покистон можаросини тўхтатишда Вашингтон воситачилик қилгани ҳақидаги даъволарини рад этди. Мудофаа вазири Ражнат Сингҳ парламентдаги чиқишида “ҳарбий ҳаракатлар ҳеч қандай босим остида эмас, балки белгиланган стратегик мақсадлар тўлиқ амалга оширилгач” якунланганини билдирди.

Ушбу баёнот 22 апрел куни Ҳиндистонга қарашли Кашмирдаги Пахалгам шаҳрида 26 нафар сайёҳнинг ҳалок бўлиши билан якунланган террор ҳужуми юзасидан 28 июл куни парламентда бошланган муҳокама вақтида янгради. Ҳиндистон ушбу ҳужум ортида Покистон турганини айтган, Исломобод эса айбловларни инкор қилган.

Ҳужум ортидан Ҳиндистон “Operation Sindoor” номли ҳарбий ҳаракатларни бошлаган бўлиб, тўрт кун давомида икки давлат ўртасида кескин ҳарбий тўқнашувлар содир бўлди. Бу сўнгги ўн йилликдаги энг жиддий қарама-қаршиликлардан бири сифатида қайд этилди.

Президент Трамп можаро якунида АҚШ воситачилиги натижасида ўт очиш тўхтатилганини бир неча бор баён қилган. Аммо Сингҳ бу даъволарни "асоссиз ва мутлақо нотўғри" деб баҳолади.

“Ҳарбий операциялар фақат бизнинг сиёсий ва ҳарбий мақсадларимизга эришилганидан кейин тўхтатилди”, — деди у Лок Сабҳада (қуйи палата). У, шунингдек, Покистон Ҳарбий операциялар бошқармаси директори томонидан берилган “ёрдам сўрови” асосида қарор қабул қилинганини билдирди. Покистон томони бу даъволарга ҳозирча жавоб бермаган.

Сингҳнинг айтишича, 22 дақиқа давом этган зарбалар давомида Покистон назоратидаги Кашмир ҳудудида жойлашган 9 та террорчилик инфратузилмасига ҳужум қилинган. Натижада “100 дан ортиқ террорчи, уларнинг мураббийлари ва ёрдамчилари” йўқ қилинган.

Ҳиндистон ҳукумати бу ҳаракатни “Пахалгамдаги террор ҳужумида ҳалок бўлганлар оилаларига адолат таъминлаш” деб баҳолади. Шу билан бирга, мухолифат вакиллари Исломободнинг Ҳиндистоннинг беш ҳарбий самолёти ва бир учувчисиз қурилмасини уриб туширганига доир баёнотларини эслатиб, ҳукуматдан изоҳ сўрашди. Сингҳ бу маълумотни рад этди ва ҳинд ҳарбий инфратузилмасига зарар етмаганини таъкидлади.

Вазир, шунингдек, агар Покистон томонидан яна бирон бир тажовуз бўлса, Ҳиндистон ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашга тайёр эканини билдирди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистон: Покистон билан можарони АҚШ босими остида тўхтатмадик