АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳиндистон билан савдо келишувига эришилмаса, мамлакатга 25 фоизгача бож ставкалари қўлланиши мумкинлигини маълум қилди. Бу огоҳлантириш 1-августга белгиланган муҳим музокара муддатидан олдин билдирилди.
"Ҳа, шундай бўлиши мумкин", — деди Трамп сешанба куни журналистларнинг саволларига жавоб берар экан. У Ҳиндистон билан савдо келишуви бўлмаса, божлар оширилишини истисно этмади.
Сўнгги ойлар давомида икки мамлакат вакиллари ўзаро савдо шартларини муҳокама қилиб келмоқда. Аммо музокараларнинг натижаси ҳақида турлича фикрлар билдирилмоқда — баъзида умидбахш, баъзида эса эҳтиёткорона.
Трамп Ҳиндистонни “яхши дўст” деб атаган бўлса-да, бу дўстлик савдо соҳасидаги кескин фарқларни бартараф эта олмади. "Ҳиндистон энг юқори бож ставкаларини қўллайдиган давлатлардан бири", — деди у. "Аммо энди мен раҳбарман, бу тарзда давом этолмайди".
Ҳозирча АҚШ расмий равишда Ҳиндистонга янги тариф ставкалари ҳақида билдиришнома юбормаган, бироқ бу бошқа ўнлаб савдо ҳамкорларига аллақачон жўнатилган.
Ҳиндистон томони ҳали расмий изоҳ бермаган бўлса-да, савдо вазири Пиюш Гоял яқинда берган интервюларида Деҳли музокараларга ижобий ёндашаётганини билдирди.
“Аграр сектор Ҳиндистон учун ниҳоятда нозик масала. Биз фермерларимиз манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қиламиз”, — деди Гоял CNBC телеканалига берган интервюсида.
У Reuters агентлигига берган изоҳида эса музокараларнинг “фантастик суръатларда” кетаётганини ва АҚШ билан “муҳим ҳамкорлик” келишувига умид билдирганини айтди.
АҚШ Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги секторига киришни узоқ йиллардан бери талаб қилиб келмоқда. Трамп маъмурияти бу соҳага киришни Ҳиндистон бозорини очиш йўлида асосий устувор йўналишлардан бири деб билади.
Ҳиндистон эса бу соҳани ички озиқ-овқат хавфсизлиги ва миллионлаб майда фермерлар манфаатлари учун стратегик жиҳатдан муҳим деб ҳисоблаб, муҳофаза қилишда давом этмоқда.
2024 йилда АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо ҳажми $190 миллиардга етган, бу АҚШни Ҳиндистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бирига айлантирган. Трамп ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди бу рақамни $500 миллиардга етказишни мақсад қилган.
Ҳиндистон аллақачон айрим маҳсулотларга — хусусан, Боурбон вискиси ва мотоциклларга — бож ставкаларини камайтирган. Бироқ АҚШ ҳали ҳам Ҳиндистон билан $45 миллиардлик савдо тақчиллигини бартараф эта олмаган, бу эса Трамп маъмуриятининг асосий эътирозларидан биридир.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!