Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, сўнгги 24 соат ичида Ғазо секторида камида етти киши очарчилик туфайли вафот этди. Бу билан 2023 йилда бошланган Исроил-Ҳамас можаросидан бери очликдан ҳалок бўлганлар сони 154 нафарга етди, уларнинг 89 нафари болалар экани таъкидланди.
БМТ томонидан қўллаб-қувватланадиган глобал озиқ-овқат хавфсизлиги экспертлари Ғазодаги вазиятни "энг оғир сценарий" сифатида баҳолаб, очлик хавфи аллақачон ҳақиқатга айланаётганини огоҳлантирмоқда.
Исроил томони Ғазога гуманитар ёрдам киришига тўсқинлик қилмаётганини билдирмоқда, бироқ бу даъволар БМТ, Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан шубҳа остига олинмоқда.
Чоршанба куни эрталаб Ғазонинг жанубидаги Рафия ҳудудида жойлашган Гуманитар Ёрдам Жамғармаси (ГҲФ) тарқатиш маркази яқинида олти нафар фаластинлик ҳалок бўлди, деб хабар берди Ғазо шифохона манбалари. Улар оломон ёрдам маркази очилишидан олдин киришга уринганида, Исроил танки томонидан нишонга олингани айтилмоқда.
Бироқ ГҲФ бу ҳудудда ҳалок бўлганлар йўқлигини билдирган. Исроил Мудофаа Кучлари (ИДФ) эса "гуруҳланиб турган шубҳали шахслар" ўз қўшинларига таҳдид солгани боис, улар узоқ масофадан огоҳлантирувчи ўқ узганини таъкидлади. ИДФнинг дастлабки текширувлари бўйича, хабар қилинган қурбонлар сони Исроил расмийлари қўлидаги маълумотларга мос келмайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса чоршанба куни 103 киши ҳалок бўлганини, уларнинг 60 нафари ёрдам излаб ўлганини билдирди. Фаластин Қизил Ярим Ой Жамияти эса Зиким ҳудудида ёрдам кутаётган фуқароларга тегишли воқеада икки касалхонага олти жасад келтирилганини ва 274 киши жароҳат олганини маълум қилди.
Сешанба куни Ғазога атиги 109 та юк машинаси ёрдам олиб кирилган. Бироқ, уларнинг кўпчилиги манзилга етмасдан талон-тарож қилинган. Ун ортилган машиналар ёрдамга муҳтож фуқаролар томонидан қуршаб олиниб, баъзилари озиқ-овқатни ўз эҳтиёжи учун олган бўлса, бошқалари уни бозорда сотиш мақсадида эгаллаган.
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Ғазодаги гуманитар инқирозни юмшатиш учун ҳар куни камида 600 та ёрдам машинаси зарур.
Исроил март ойида ёрдам оқимини тўлиқ тўхтатган эди. Бу ҳаракат икки ойга чўзилган ўт очишни тўхтатиш келишувининг тугашига ва ҳарбий ҳаракатларнинг қайта бошланишига олиб келди. Исроил бу орқали Ҳамасдан қолган гаровдагиларни озод қилишга босим ўтказишни мақсад қилган эди.
Гуманитар босим ва халқаро огоҳлантиришлардан сўнг, блокада қисман юмшатилди, аммо озиқ-овқат, дори-дармон ва ёқилғи танқислиги тобора кучаймоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!