Финляндия пойтахти Хелсинки нафақат обод ва тоза муҳити, балки хавфсиз ҳаракат сиёсати билан ҳам бутун дунё эътиборида. Янги маълумотларга кўра, шаҳарда 2024 йил давомида бирорта ҳам ҳалокатли йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилмаган, деб хабар берди Politico. Қизиғи шундаки, бу каби юксак кўрсаткичга Хелсинки илк бор 2019 йилда эришганди. Шундан бери маҳаллий раҳбарият ушбу ютуқни сақлаб қолиш ва янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳар бир чорани пухта ўйлаб, изчиллик билан амалга оширмоқда.
Шаҳар ҳокимиятининг асосий мақсади — "Vision Zero" сиёсати орқали йўлларда ўлим ҳолатларини бутунлай бартараф этиш. Бу шунчаки шиор эмас, балки аниқ режалар ва қатъий амалий қадамлар билан таъминланган дастурдир. Масалан, йўллар анча торайтирилди. Бу ҳайдовчиларда эҳтиёткорлик ҳиссини кучайтиради. Ҳаракат тезлигини пасайтириш учун йўл четларига дарахтлар экилиб, психологик тормоз вазифасини ўтамоқда. Шу билан бирга, шаҳар марказида юқори тезлик чеклови жорий этилди — ҳозирда кўпгина ҳудудларда автомобиллар 30 км/соатдан юқори ҳаракатлана олмайди.
Тартиб ва назорат масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши ҳолатларини аниқ қайд этиш мақсадида 70 дан зиёд юқори аниқликдаги кузатув камералари ўрнатилди. Бу камералар нафақат қоидабузарларни фош этади, балки ҳайдовчиларни тартибга риоя қилишга мажбур қилади. Шунингдек, полиция назорати ҳам кучайтирилди, патруллар сони оширилди ва уларнинг самарадорлиги яхшиланди.
Шу билан бирга, пиёдалар ва велосипед ҳайдовчилари учун қулай инфратузилма яратилди. Яъни, тротуарлар кенгайтирилди, велосипед йўлаклари алоҳида ажратиб берилди. Жамоат транспорти тизими ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқилди — автобуслар, трамвайлар ва метро қатнови кўпайтирилди ва графиклар мослашувчанлаштирилди. Натижада, шаҳар фуқаролари автомобилга муҳтожликни камроқ ҳис қилмоқда.
Барча бу ҳаракатлар аҳоли орасида хавфсизлик ҳиссини юзага келтирди, йўлларда ҳаракат анча тинч, сокин ва тизимли бўлди. Энг муҳими — инсон ҳаётини биринчи ўринга қўйган сиёсат ўз самарасини бера бошлади.
Хелсинкининг бундай муваффақияти бошқа Европа пойтахтларига ҳам ибрат бўлмоқда. Чунки кўпгина шаҳарларда транспорт ҳалокатлари ҳанузгача оғир муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳозирда кўплаб шаҳарлар Хелсинки моделига эътибор қарата бошлаган. Улар ҳам ўз йўлларини, ҳаракат тизимини ва тартибини қайта кўриб чиқишга бел боғламоқда.
Финлар дунёга яна бир бор исботлашди: агар инсон ҳаёти ҳақиқатдан ҳам қадрланса, эътибор қаратилиши керак бўлган энг асосий соҳалардан бири — бу йўллардаги хавфсизликдир. Ва агар шундай ёндашилса, ҳалокатлар ҳам йўқолар экан.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!