date

Собиқ президент Болсонару уй қамоғида: интернет ва мулоқот чекланди

Собиқ президент Болсонару уй қамоғида: интернет ва мулоқот чекланди

Бразилия сиёсий саҳнасида узоқ йиллар мобайнида кескин фикрлари ва қатъий позицияси билан танилган Жаир Болсонару мамлакатдаги турғун сиёсий муҳитда яна бир бор диққат марказида пайдо бўлди. Энди у оддий сиёсий шахс эмас, балки суд ҳимояси остидаги шахс сифатида қайд этилди.

4 август, душанба куни Бразилия Олий суди судьяси Александр ди Мораес Жаир Болсонаруни уй қамоғига олиш бўйича расмий қарор қабул қилди. Бу қарор орқали Болсонарунинг шахсий ҳаётига ҳам жиддий чекловлар киритилди: у мобил алоқадан фойдаланиши мумкин эмас ва фақат белгиланган, чекланган сондаги одамлар билан мулоқот қилишига рухсат берилди, деб хабар берди dw.com.

Суд ҳужжатларига кўра, мазкур қарор 3 август куни Болсонару томонидан интернет орқали ўз тарафдорларига қилган мурожаати ва ундан парчаларнинг ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқалиши билан боғлиқ ҳолатларга жавоб сифатида қабул қилинди. Судья Мораес ушбу ҳаракатни адлия тизимига таъсир ўтказишга бўлган уриниш сифатида баҳолади ва уни жиддий қонунбузарлик деб топди.

Маълумки, Жаир Болсонару 2022 йилда бўлиб ўтган президентлик сайловларида рақиби Луис Инасиу Лула да Силвага ютқазган эди. Сайлов натижаларини тан олмаган Болсонару ва унинг тарафдорлари 2023 йил 8 январ куни мамлакатнинг энг муҳим давлат муассасалари — Конгресс, Олий суд ва президент саройига зўравонларча бостириб кирган. Бу ҳаракат Бразилия тарихидаги энг шов-шувли сиёсий воқеалардан бири сифатида қайд этилган.

Шунингдек, 19 июль куни Болсонаруга электрон кузатув билакузуги тақилди ва унга тун вақтида уйидан чиқмаслик бўйича кўрсатма берилди. Шу билан бирга, у ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилди.

Ҳозирда Болсонаруга нисбатан қўзғатилган жиноий иш суд жараёнининг якунловчи босқичига кирган. Унга “демократик ҳуқуқий тартибни ағдаришга уриниш” айби қўйилмоқда. Бу айблов жуда жиддий ҳисобланади ва агар у исботланса, уни катта муддатга озодликдан маҳрум қилиш эҳтимоли ҳам бор.

Айни дамда мамлакатдаги сиёсий мухокамалар марказида Болсонару тақдири турибди. Суд жараёнининг қандай якун топиши нафақат унинг, балки Бразилия демократияси келажаги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Собиқ президент Болсонару уй қамоғида: интернет ва мулоқот чекланди