date

Тайванда Хитой босқинини тасвирлаган сериал мунозараларга сабаб бўлди

Тайванда Хитой босқинини тасвирлаган сериал мунозараларга сабаб бўлди
Тайваннинг “Zero Day Attack” номли янги телесериали Хитой томонидан бўлиши мумкин бўлган ҳарбий босқин сценарийсини тасвирлаб, мамлакатда кенг жамоатчилик эътиборини тортмоқда. Сериал илк бор эфирга узатилиши билан машҳурликка эришди ва бир вақтнинг ўзида кескин баҳсларга сабаб бўлди. Унда Хитой ҳарбий кемалари оролни “қидирув-қутқарув” баҳонасида қуршаб олиши, Дадан оролидаги тайванлик аскарларнинг сирли йўқолиб кетиши каби саҳналар кўрсатилади.

Сериал Хитой томонидан кутилаётган таҳдидга қарши огоҳлантириш сифатида яратилган бўлиб, Тайван ҳукумати уни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган. Ҳар бир эпизодда жамиятнинг турли қатламлари – президентдан тортиб, оддий қишлоқ аҳолиси ва ҳарбийлар – хаёлий босқин вазиятида қандай муносабат билдириши ёритилган. Шунингдек, коммуникациянинг издан чиқиши, дезинформация кампаниялари ва Хитой тарафдорларининг норозиликларни қўзғаши каби муаммолар ҳам акс этган.

Лойиҳанинг асосий ғояси Тайван халқида Хитой таҳдиди борасида ҳушёрликни кучайтиришдир. Бироқ мухолифатдаги сиёсатчилар ва айрим танқидчилар буни “ваҳима тарқатиш” деб баҳоламоқда. Улар, айниқса, ҳукумат маблағи эвазига суратга олингани ва сериалнинг сиёсий ҳолатлар билан уйғун чиқаётганини танқид остига олишмоқда. “Хавфни сунъий равишда кучайтириш” орқали фуқароларда нохуш кайфият уйғотилмоқда деган фикрлар билдирилган.

Сериалнинг режиссёри ва муаллифи Чен Хсин-мей асарда Хитойга нисбатан ёмон қарашлар берилмаганини, балки уруш ҳолатида тайванликлар қандай курашиши ҳақида ҳикоя қилинганини таъкидлайди.

Тайванда Хитой таҳдиди мавзуси охирги йилларда тобора кескинлашмоқда. Хитой ҳарбий самолётлари ва кемаларининг Тайван яқинидаги ҳаракатлари ортган. АҚШ эса Хитойнинг 2027-йилгача Тайванга ҳужум қилишга тайёргарлик кўраётганини огоҳлантирган. “Zero Day Attack” ушбу реал хавотирлар фонида жамиятда муҳим хавфсизлик масалаларини очиқ муҳокамага олиб чиқмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тайванда Хитой босқинини тасвирлаган сериал мунозараларга сабаб бўлди