Россияда коррупцияга қарши кураш янги босқичга кўтарилди, деб маълум қилди novayagazeta.eu. 2025 йил бошидан бери мамлакатда камида 99 нафар депутат ва юқори лавозимли амалдорга нисбатан пора олиш ва мансабни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноий суриштирувлар бошланган. Мазкур кўрсаткич бир йилга етмайдиган даврдаги ҳолат бўлиб, 2024 йилда қайд этилган 122 та ҳолатга яқинлашиб қолган. Шунингдек, бу кўрсаткич 2021 йил билан солиштирганда деярли икки баробарга кўпайган.
"Новая газета Европа" ўз таҳлилларида федерал ва минтақавий вазирликлар, идоралар раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, вилоят марказлари мэрлари ва уларнинг ёрдамчилари каби мансабдорларга оид жиноят ишларини ҳисобга олган. Олинган маълумотларга кўра, ҳар ойда ўртача 14 та янги жиноий иш қўзғатилаётгани аниқланган.
Журналистлар тадқиқот доирасида фақат депутатлар ва давлат идоралари амалдорларига қўйилаётган айбловларни ҳисобга олган. Давлат корхоналари ва муассасалар раҳбарлари ушбу статистикага қўшилмаган. Айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига нисбатан очилаётган жиноий ишлар сони алоҳида эътиборга лойиқ — барча ҳолатларнинг 28 фоизини ташкил этади. Шунингдек, қурилиш ва уй-жой коммунал соҳаси – 18 фоиз, иқтисодиёт ва саноат – 11 фоиз, транспорт ҳамда атроф-муҳитни бошқариш соҳалари эса ҳар бири 8 фоиз улушга эга.
Охирги 10,5 йилликда юқори лавозимдаги амалдорларнинг қамоққа олиниши динамикаси ҳам ўрганилди. Маълум бўлишича, бу ҳибсларининг деярли ярми Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можаро бошланган сўнгги 3,5 йилда рўй берган. Шу билан бирга, вазирлар, департамент раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларини қамоққа олиш ҳолатлари урушдан олдинги йиллардан ҳам юқори бўлгани қайд этилган.
Ҳозирги вазият Россияда коррупцияга қарши курашнинг жиддийлашганини кўрсатади. Давлат идоралари ва юқори даражадаги амалдорлар устидан олиб борилаётган суриштирувлар жамоатчилик ва халқаро кузатувчилар учун катта қизиқиш уйғотмоқда. Яқин келажакда бу йўналишда яна қандай ўзгаришлар юз беради — кузатишда давом этамиз.