date

Путин ва Трамп учрашувига БААда тайёргарлик кетмоқда

Путин ва Трамп учрашувига БААда тайёргарлик кетмоқда

Халқаро сиёсат саҳнасида яна бир муҳим воқелик сари қадам қўйилмоқда. Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг баёнотларига қараганда, у АҚШ президенти Доналд Трамп билан юзма-юз мулоқот ўтказишни режалаштирмоқда ва бу учун “жуда муносиб” деб ҳисоблаётган мамлакат — Бирлашган Араб Амирликлари саналади.

Путин Кремлда БАА раҳбари билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг журналистларга шундай деган:

“Бизда шундай саммитни ташкил этишда ёрдам беришга тайёр кўплаб яқин иттифоқчилар бор. Улардан бири – БАА президенти. Менимча, биз буни амалга оширамиз. Бу давлат, шубҳасиз, бундай мулоқот учун энг қулай жойлардан бири бўлади”.

Россия етакчисининг таъкидлашича, Доналд Трамп билан учрашувга икки томондан ҳам қизиқиш мавжуд. Кремлдаги манбалардан маълум бўлишича, учрашувни аввало Америка томони таклиф этгани қайд этилган. Бироқ Оқ уй ушбу ташаббус аввал Россиядан чиққанини эълон қилди. Бу ҳолат дипломатик жараёнлардаги ўзаро ёндашувлар фарқини яққол кўрсатади.

Шунингдек, Владимир Путин АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткоффни Кремлда қабул қилгани ва учрашувдан кейин ўринбосари Юрий Ушаков Трамп билан учрашув юзасидан тайёргарлик жараёнлари кетaётганини маълум қилгани ҳам муҳим воқеа сифатида қайд этилди.

Ушаковнинг сўзларига кўра, музокара “яқин фурсатда” ўтказилиши кутилмоқда. Унга кўра, саммит қайси давлатда бўлиб ўтиши масаласи аллақачон келишилган, фақат бу ҳақда расмий маълумот кейинроқ ошкор қилинади.

Шунингдек, Путин ўз сўзида Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашишга қарши эмаслигини билдирди. Бироқ бунгача “белгиланган шарт-шароитлар яратилиши зарурлигини” яна бир бор эслатди. “Бу ҳали яқин эмас”, – дея қўшимча қилди Россия раҳбари.

Мазкур учрашув, агар амалга ошса, халқаро муносабатлар тарихида муҳим бурилиш нуқталаридан бири бўлиши мумкин. Путин ва Трамп каби нуфузли сиёсий арбобларнинг мулоқоти нафақат Россия ва АҚШ муносабатларига, балки глобал геосиёсий муҳитга ҳам ўз таъсирини ўтказиши эҳтимоли юқори.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин ва Трамп учрашувига БААда тайёргарлик кетмоқда