date

Эрон 20 нафар гумон қилинаётган Исроил жосусини қўлга олди

Эрон 20 нафар гумон қилинаётган Исроил жосусини қўлга олди
Эрон сўнгги ойларда Исроилнинг Моссад разведка агентлиги билан алоқадор бўлиши гумон қилинган 20 кишини қўлга олди. Мамлакат суд тизими вакиллари бу шахслар устидан тергов якунлангач, тўлиқ маълумотлар эълон қилинишини маълум қилди. Расмийлар айбланувчиларга нисбатан ҳеч қандай енгиллик кўрсатилмаслигини ва қатъий ҳукмлар билан уларнинг жазоланиши “ибрат бўлиши”ни таъкидлади.

Жума куни Эрон ядро олими Роузбеҳ Вадини Исроил фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, қатл этди. У бошқа бир ядро олими ҳақидаги махфий маълумотларни етказишда айбдор деб топилган эди. Мазкур олим июн ойида Исроилнинг Эрон ҳудудига уюштирган ҳаво ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган.

Суд тизими матбуот котиби Асғар Жаҳонгирининг айтишича, ҳибсга олинган 20 кишининг айримларига қўйилган айбловлар бекор қилиниб, улар озод этилган. Бироқ аниқ сони ошкор этилмади. У, шунингдек, мамлакат хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳар қандай шахсга қарши қатъий чоралар кўрилишини таъкидлади.

Эрон расмийлари маълумотига кўра, сўнгги ойлар ичида Исроил фойдасига жосуслик қилганлик айби билан камида саккиз киши қатл этилган. Бу эса йил бошидан буён бундай ҳолатлар сезиларли даражада кўпайганидан дарак беради.

Июн ойида Исроил 12 кун давомида Эронга ҳаво ҳужумлари уюштирган, натижада ядро объектлари, ҳарбий етакчилар ва яшаш ҳудудлари нишонга олинган. Ушбу ҳужумлар оқибатида 1 190 киши ҳалок бўлган, улар орасида 436 нафар тинч аҳоли ва 435 нафар хавфсизлик ходими бор. Эроннинг жавоб зарбалари чоғида эса Исроил 28 кишининг ўлимини тасдиқлаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон 20 нафар гумон қилинаётган Исроил жосусини қўлга олди