date

Одесса пляжидаги мина портлаши уч инсоннинг умрига зомин бўлди

Одесса пляжидаги мина портлаши уч инсоннинг умрига зомин бўлди

Украинанинг жанубида, машҳур сайёҳлик масканларидан бири бўлган Одесса вилоятида даҳшатли ҳодиса юз берди. Затока шаҳридаги пляжда мина портлаши оқибатида бир неча инсон ҳаëтидан кўз юмди. Дастлабки маълумотларни Strana.ua нашри тарқатди.

Нашрнинг Telegram каналларида ёзилишича, портлаш пляж ҳудудида содир бўлган бўлса-да, мина аслида сув ичида бўлган. RBC Украина агентлиги эса портлаш қирғоқдан тахминан 50 метр узоқликда, денгиз ичида содир бўлганини маълум қилди.

Ўша вақтда сувда бир киши бўлган ва афсуски, у омон қолмаган. Гувоҳлар айтишича, портлаш овози пляж бўйлаб узоқ масофага эшитилиб, дам олувчилар орасида ҳаддан зиёд ваҳима тарқалган.

Кўп ўтмай, Одесса вилояти полицияси ўз расмий сайтида ҳодисага ойдинлик киритди. Маълум бўлишича, сузиш пайтида кетма-кет икки портлаш юз берган. Натижада бир аëл ва икки эркак ҳалок бўлган.

Маҳаллий аҳоли ва дам олувчилар тез ёрдам ва қутқарув хизмати келгунча жароҳат олганларга ёрдам беришга уринган. Аммо портлаш кучли бўлгани сабабли айрим жабрланувчилар ҳодиса жойида ҳалок бўлган.

Ҳозирда мутасаддилар ҳодиса сабабларини ўрганмоқда. Тахминларга кўра, мина Қора денгизда давом этаётган уруш оқибатида сувга тушган бўлиши мумкин. Денгиз тубида бундай портловчи моддаларнинг қолиб кетиши сайёҳлар ҳаëтига катта хавф туғдиради.

Ҳукумат фуқароларни хавфсиз деб белгиланган ҳудудлардан ташқарида сузмасликка чақирмоқда. Айниқса, уруш давом этаётган ҳудудларга яқин соҳилларда бундай хавф юқори.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Одесса пляжидаги мина портлаши уч инсоннинг умрига зомин бўлди