
Россияда меҳнат танқислигини бартараф этиш учун минглаб шимолий корейс ишчилари қурилиш, завод ва ишлаб чиқариш соҳаларида оғир шароитларда ишлашга мажбур қилинмоқда.
Жанубий Корея разведкасига кўра, Россия Украина уруши сабаб юзага келган меҳнат етишмовчилигини тўлдириш учун Шимолий Кореядан 50 минггача ишчи жалб қилишни режалаштирмоқда. 2024-йилда Россияга 13 мингдан ортиқ корейс ишчиси киритилган, уларнинг кўпи “талаба визаси” орқали олиб кирилган бўлиб, бу БМТ тақиқини четлаб ўтиш йўли сифатида баҳоланмоқда.
Қочиб чиққан ишчилар 18 соатлаб ишлашга, йилига атиги икки кун дам олишга мажбур бўлишганини, совуқ ва носоз турар жойларда яшашганини айтишди. Улар Шимолий Корея хавфсизлик ходимлари назоратида бўлиб, деярли ташқарига чиқиш имконига эга эмас. Баъзилари жароҳатланганида ҳам ишлашга мажбур қилинган.
Мутахассислар бу тизим Шимолий Корея учун катта молиявий манба эканини айтади. Ишчиларнинг асосий даромади Пхенянга юборилади, ўзларига эса ойига атиги 100–200 АҚШ доллари қолади. Бу пуллар ватанга қайтгач берилади, бу эса қочиш имкониятини янада камайтиради.
Жанубий Корея манбаларига кўра, Россиядан қочиб келаётган ишчилар сони қисқармоқда: 2022-йилда 20 нафар бўлса, 2024-йилда бу рақам 10 нафарга тушган. Кузатувчилар бу ҳолат икки давлат ўртасидаги сиёсий яқинлашув ортидан янада кучайишини огоҳлантирмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар