Сирдарёда кундошини ва унинг қизини ўлдирган аёлга ҳукм чиқарилди

Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида эркакнинг қонуний рафиқаси ва унинг қизларига ҳужум қилган аёл 13 йил 4 ойга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда «Миллар» дастурида маълум қилинди.
Маълум бўлишича, 29 ёшли аёл олти йил давомида бир эркак билан шаръий никоҳ асосида яшаб келган. Бироқ эркакнинг қонуний оиласи ҳам бўлгани сабабли улар ўртасида тез-тез низолар юзага келган.
Тергов маълумотларига кўра, жанжалларга аёлнинг фарзандли бўлиш истаги ҳам сабаб бўлган. Ғазабланган судланувчи ошхона пичоғини олиб, эркакнинг уйига борган ва унинг қонуний рафиқаси ҳамда икки нафар қизига ҳужум қилган.
Ҳодиса оқибатида эркакнинг рафиқаси ва 6 ёшли қизи вафот этган. Уларнинг 3 ёшли қизи ҳам оғир жароҳат олган ва шифохонага ётқизилган.
Жиноят иши Ширин шаҳар судида кўриб чиқилди. Судланувчи Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айбдор деб топилди. Унга бир нечта жиноят учун жазо тайинлаш қоидалари қўлланилиб, 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Ҳукмга кўра, маҳкума жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.






























Изоҳлар 0
…