Танзанияда 44 ёшли эркакнинг ҳайратланарли воқеаси шифокорлар ва кенг жамоатчилик диққатини тортди. У кўкрак қисмида йирингли яра пайдо бўлгани учун шифохонага мурожаат қилган. Энг қизиғи, бемор ҳеч қандай кучли оғриқ, йўтал ёки иситма каби белгиларни сезмаганини айтган.
Текширув пайтида шифокорлар рентген ва компьютер томографияси ёрдамида беморнинг кўкрак қафасида пичоқнинг йирик қисми қолиб кетганини аниқлади. Маълум бўлишича, у 8 йил олдин содир бўлган жанжал пайтида яраланган, аммо ўшанда тиббий ёрдамга мурожаат қилмаган. Пичоқ танасига кириб қолганини у ўзи ҳам билмаган ёки аҳамият бермаган бўлиши мумкин.
Шифокорлар фавқулодда операция ўтказишга қарор қилишди. Амалиёт бир неча соат давом этди ва пичоқ муваффақиятли олиб ташланди. Мутаҳассисларнинг айтишича, бундай ҳолатлар жуда кам учрайди, чунки одатда бегона жисм танада узоқ қолса, оғир асоратлар келтириб чиқаради.
Ҳозирда беморнинг аҳволи барқарор, у шифохонада шифо топмоқда. Мутасаддилар бу воқеа орқали одамларга тан жароҳати олганда дарҳол тиббий кўрикдан ўтиш зарурлигини эслатишди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!