date

Россиядаги ҳарбий корхонада содир бўлган ҳалокат: “Эластик” заводида яна портлаш

Россиядаги ҳарбий корхонада содир бўлган ҳалокат: “Эластик” заводида яна портлаш

  Россиянинг Рязан вилоятида жойлашган ва қурол-яроғ ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи йирик саноат корхонаси — “Эластик” заводи яна фожиали воқеа марказига айланди. Рязан тезкор хизматлари маълумотига кўра, корхонанинг қурол ишлаб чиқариш бўлимида содир бўлган кучли портлаш бутун ҳудудда шов-шувга сабаб бўлди.

Расмий маълумотлар портлаш оқибатида камида 5 инсон ҳаётдан кўз юмганини, яна 20 нафар шахс турли даражадаги тан жароҳатлари олганини тасдиқламоқда. Жабрланувчилар орасида корхонадаги ишчилар, шунингдек, портлаш содир бўлган вақтда ҳудудда хизмат олиб бораётган техник мутахассислар ҳам бор.

Гувоҳлар сўзларига қараганда, портлаш шунчалик кучли бўлганки, унинг товуши бир неча километр масофадаги аҳоли пунктларидан ҳам эшитилган. Ҳодисадан кейин ёнғин хавфсизлиги бўйича махсус гуруҳлар зудлик билан воқеа жойига етган. Бироқ юқори ҳарорат ва портловчи моддаларнинг хусусияти сабаб ёнғин тезда ёйилган. Мутасаддиларнинг айтишича, айни вақтда ёнғин тўлиқ ўчирилган.

Бу заводда аввал ҳам йирик фалокат қайд этилган — 2021 йилда технологик жараёндаги қўпол қонунбузарлик туфайли содир бўлган портлашда 17 киши ҳалок бўлган, яна кўплаб ишчилар оғир жароҳатлар олган эди.

Россия Тергов қўмитаси ҳозирги ҳодиса юзасидан жиноят ишини қўзғатди. Терговчилар дастлабки тахмин сифатида технологик интизомнинг бузилиши, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаслиги ёки инсон омилини асосий сабаблардан бири сифатида кўрмоқда. Мутассислар портлашнинг аниқ сабабларини, моддий зарар ҳажмини ва корхона фаолиятига етган иқтисодий таъсирни ўрганмоқда.

Мазкур фалокат Россиядаги саноат хавфсизлиги, айниқса, ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналарида технологик интизом ва хавфсизлик стандартларига риоя этилиши масаласини яна бир бор кун тартибига чиқарди. Муттахассислар бундай объектларда хавфсизлик назоратини кучайтириш ва ходимлар тайёргарлигини юқори даражада таъминлаш зарурлигини таъкидламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиядаги ҳарбий корхонада содир бўлган ҳалокат: “Эластик” заводида яна портлаш