Жорий йил бошидан бери Telegram мессенжерида қоидаларни бузган, турли турдаги ноқонуний ёки зарарли контент тарқатган канал ва гуруҳларга қарши катта кўламда чоралар кўрилди. Мессенжер расмий маълумотига кўра, 2025 йилнинг биринчи етти ойи давомида платформа жами 20,9 миллиондан зиёд канал ва гуруҳларни блоклаган.
Платформа сайтида айтилишича, ёпилган каналларнинг аниқ сабаблари рўйхат қилинмаган бўлса-да, одатда бундай чоралар спам тарқатиш, фирибгарлик схемалари ёки ахлоқ меъёрларига зид контент жойлаштириш ҳолатларида қўлланилади. Шу тариқа Telegram ўз майдонини хавфли ва зарарли фаолиятдан тозалаш мақсадида мунтазам равишда мониторинг олиб боради.
Telegram асосчиси Павел Дуров ҳам бунга алоҳида эътибор қаратган. Унинг айтишича, сўнгги пайтларда айрим каналлар товламачилик, шантаж ёки ҳақ эвазига ёлғон маълумот тарқатиш билан шуғулланаётгани аниқланган. Шунинг учун платформа бундай каналларни аниқлаб, уларни қисқа вақт ичида ўчириб ташлаш сиёсатига ўтган.
Фақатгина 2025 йил 27 июль кунининг ўзидаёқ, мессенжер маъмурияти томонидан 402 мингдан ортиқ канал ва гуруҳлар ёпилган. Бу кўрсаткич Telegram’нинг глобал миқёсдаги кенг қамровли назорати ва интерактив муҳитни соф сақлашга қаратилган қатъий чораларидан далолат беради.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай катта кўламдаги блокировкалар платформани тоза сақлаш билан бирга, оддий фойдаланувчилар хавфсизлигини таъминлайди. Шу билан бирга, айрим ҳолларда адолатли каналлар ҳам ёпилиб қолиши мумкинлиги, бу эса мессенжер томонидан қайта кўриб чиқиш жараёнида ҳал этилади.
Telegram’нинг бу қатъий сиёсати интернетдаги ахборот майдонини назорат қилиш ва зарарли контентга қарши самарали курашишда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Платформада фаолият юритувчи миллионлаб каналлар учун бу ҳолат қоидаларга амал қилишнинг қанчалик зарур эканини яна бир бор ёдга солди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!