Россия ҳудудида бензин таъминоти билан боғлиқ жиддий муаммолар янада кескин тус олмоқда. Маҳаллий ва халқаро нашрларда эълон қилинган хабарларга кўра, Украина томонидан амалга оширилаётган дрон зарбалари мамлакатнинг бир қатор нефть қайта ишлаш заводларини ишдан чиқариб, ёқилғи билан таъминлаш жараёнида жиддий узилишларга сабаб бўлмоқда. "The Moscow Times" маълум қилишича, ҳозирда Россиянинг умумий қувватининг қарийб 13 фоизи вақтинчалик фаолиятсиз қолган. Бу эса ўз навбатида ёқилғи қуйиш шохобчаларида улкан навбатларни келтириб чиқарган.
Айрим ҳудудларда вазият шу даражада оғирлашдики, бензин оддий тарзда сотилмаяпти, балки фақат махсус купон ёки карталар орқали тарқатилмоқда. Бу ҳолат аҳоли ва ҳайдовчилар орасида жиддий норозилик ва хавотир уйғотгани қайд этилмоқда.
Муаммолар географияси ҳам кенгаймоқда. Август ойи бошидан Приморье вилояти ва унга яқин ҳудудларда таъминотдаги узилишлар сезила бошлаган бўлса, энди Арсеньев, Уссурийск ва Чугуевский туманларидан ташқари Владивосток шаҳрида ҳам бензин тақчиллиги кузатилмоқда. Маҳаллий автоқўймаларда ҳайдовчилар соатлаб навбатда туриб қолишга мажбур бўлмоқда.
Расмий идоралар бундай ҳолатни мавсумий талабнинг ортиши, темир йўл орқали етказиб беришда кечикишлар ва йўлларда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари билан изоҳлашга уринмоқда. Бироқ кўплаб мутахассислар фикрича, асосий сабаб — нефть заводларининг ишламай қолиши.
Ёқилғи нархлари ҳам кескин ошиб кетди. Хусусан, А-92 маркали бензиннинг бир тоннаси 71 970 рублга, А-95 маркаси эса 81 337 рублга етгани таъкидланмоқда. Бу эса мамлакатдаги транспорт соҳаси ва иқтисодий жараёнларга катта босим ўтказиши мумкин.
Россия ҳукумати июль ойи охиридан бери ёқилғи экспортини тақиқлаган бўлса-да, экспертлар бу чора ички бозордаги изчилликни тўлиқ таъминлай олмаслигини таъкидлашмоқда. Улар огоҳлантиришича, агар мавжуд вазият қисқа вақт ичида барқарорлашмаса, нафақат транспорт соҳасида, балки бутун иқтисодиётда жиддий узилишлар ва салбий оқибатлар келиб чиқиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!