АҚШ Давлат департаменти 21 август куни жуда муҳим маълумот билан чиқди. Маълум қилинишича, ҳозирда амалдаги Америка визасига эга бўлган 55 миллиондан зиёд хорижлик шахс миграция қонунчилигини бузиш эҳтимоли бўйича махсус текширувдан ўтказилмоқда. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар тарқатди.
Давлат департаменти вакилларининг айтишича, идора визалар эгаларининг қоидаларга мувофиқлигини доимий равишда назорат қилади. Ҳар бир хорижликнинг визаси муддати ўтган-ўтмагани, унинг жиноятчилик ёки терроризмга алоқадорлиги синчиклаб ўрганилади. Агар бу талаблар бузилгани аниқланса, шахснинг визаси дарҳол бекор қилинади. Агар у АҚШ ҳудудида бўлса, мамлакатдан чиқариб юборилади.
Қўшимча равишда, идора маълум қилишича, Доналд Трампнинг 2025 йил январь ойидаги инаугурациясидан бери бекор қилинган визалар сони ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан икки баробарга кўпайган. Айниқса, талаба визаларининг бекор қилиниши кескин ўсган — бу рақам ўтган йилга қараганда тўрт баравар юқори.
Август ойи бошида эълон қилинган маълумотларга кўра, 6 мингдан ортиқ талаба визаси қонунбузарликлар сабабли бекор қилинган. Улар орасида мамлакатда бўлиш муддатини бузиш ҳолатлари, турли ҳуқуқбузарликлар, ҳужумлар, маст ҳолда транспорт бошқариш каби ҳолатлар, шунингдек терроризмни қўллаб-қувватлаш ҳолатлари қайд этилган. Аниқ рақамларга кўра, тахминан 4 мингга яқин виза қонун бузилиши, яна 200–300 га яқин ҳолат терроризм билан боғлиқ сабабларга кўра бекор қилинган.
Шу тариқа, АҚШда визалар устидан назорат кучаймоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу чоралар жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва қонунларга амал қилишни таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Хорижлик талабалар ва виза эгалари эса АҚШда қонуний тарзда бўлиш учун барча қоидаларга қатъий амал қилишлари зарурлиги яна бир бор эслатиб ўтилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!