Швейцария Алп тоғларида 4000 метр баландликда қолиб кетган икки нафар Германиялик альпинист бир кеча-кундуз давомида ёрдам кутишга мажбур бўлди, деб Welt нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, уларнинг арқони тоғ ёнбағрида сиқилиб қолган ва ёмон об-ҳаво сабабли Швейцариялик қутқарувчилар бир неча марта ёрдам беришга уринган, бироқ натижа бўлмаган.
Кейинроқ Италия қутқарувчилари махсус вертолёт ёрдамида операцияни амалга ошириб, альпинистларни хавфсиз жойга олиб тушишга муваффақ бўлишди. Уларнинг ҳолати қониқарли деб баҳоланди.
Брайтхорн тоғида содир бўлган ушбу ҳодиса Италия ва Швейцария чегарасида юз бергани учун қутқарув амалиётини италияликлар амалга оширишган.
Қутқарувчилар мураккаб шароитда ҳам ўз фаолиятларини қатъият билан давом эттириб, инсон ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлишди.
Ҳозирда альпинистлар тиббий кўрикдан ўтказилди ва уларнинг умумий аҳволи яхши экани маълум қилинди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!