Швециянинг Кируна шаҳрида ноёб муҳандислик амалиёти ўтказилди — бутунлай ёғочдан қурилган ва 672 тонна оғирликдаги тарихий черков 5 километр узоқликдаги бошқа ҳудудга кўчириб ўрнатилди.
Бу қарор тасодифий эмас. Кируна шаҳри яқинида Европадаги энг йирик ерости темир кони жойлашган бўлиб, у кенгайтирилмоқда. Натижада айрим бинолар, жумладан, муҳим маданий мерос объектлари ҳам бошқа ҳудудларга кўчирилмоқда. Черков ҳам айнан шундай иншоотлардан бири бўлиб, тарихий ва меъморий аҳамиятга эга.
Кўчириш жараёни махсус тайёрланган платформа ва техника ёрдамида амалга оширилди. Муҳандислар ҳар бир детални эҳтиёткорлик билан кузатиб борди, чунки ёғоч конструкция шикастланмаслиги муҳим эди.
Маҳаллий аҳоли бу воқеани катта қизиқиш билан кузатди. Кўпчилик учун бу черков нафақат ибодат маскани, балки шаҳарнинг рамзига айланган тарихий ёдгорликдир.
Эндиликда у янги жойда аввалги кўринишини сақлаган ҳолда фаолиятини давом эттиради. Бу лойиҳа Швецияда маданий меросни асраш ва саноат тараққиёти ўртасидаги мувозанатга бўлган эътиборни намоён этди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!