date

Эмине Эрдўғон Мелания Трампга мактуб орқали мурожаат қилди

Эмине Эрдўғон Мелания Трампга мактуб орқали мурожаат қилди

Туркия Республикаси президенти Режеп Таййиб Эрдўғоннинг рафиқаси, мамлакатнинг биринчи хоними Эмине Эрдўғон яқинда АҚШ президенти Доналд Трампнинг турмуш ўртоғи Мелания Трампга самимий ва таъсирли мактуб йўллади. Бу ҳақда Anadolu ахборот агентлиги маълум қилди.

Мактубда Эмине хоним Мелания билан олти йил аввал Оқ уйда бўлиб ўтган шахсий учрашувини ёдга олди ҳамда унинг Россия раҳбари Владимир Путинга йўллаган хатини эслаб ўтди. Шу орқали у ўтмишдаги муносабатларни янгича маънода давом эттиришга интилишини ифода қилди.

“Болаларнинг ғамхўрликка эга муҳитда, хавфсиз шароитда камол топиш ҳуқуқи бутун дунёда умумий ва универсалдир. Бу ҳуқуқ ирқ, дин ёки мафкурадан қатъи назар, ҳар бир инсон учун тенгдир. Шу ҳуқуқдан маҳрум бўлганларга ёрдам кўрсатиш эса инсоният олдидаги энг олий бурчлардан биридир”, — дея таъкидлади Туркиянинг биринчи хоними.

Эмине Эрдўғон Мелания Трампнинг уруш қурбони бўлган 648 украиналик болага кўрсатган диққатини эслатиб ўтди ва шу каби эътиборни Ғазо секторидаги ҳалокатли вазиятга ҳам қаратиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, икки йил ичида бу ҳудудда 62 мингдан ортиқ тинч аҳоли, жумладан 18 мингдан зиёд бола ҳалок бўлган.

“Ғазода ҳар 45 дақиқада бир бола ҳаётдан кўз юммоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу ерни ‘дўзах’ ва ‘болалар қабристони’ деб атаётгани бежиз эмас. Бола ҳаёти арзон ҳисобланмаслиги керак”, — деди Эмине Эрдўғон.

Унинг таъкидлашича, Ғазода яшовчи болалар нафақат жисмоний қийинчилик, балки чуқур руҳий изтиробларни ҳам бошдан кечирмоқда. Шу боис улар ҳам бахтли, эркин ва тинч келажакка ҳақлидир.

Эмине хоним Мелания Трампни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуга гуманитар ҳалокатни тўхтатишга чақирувчи махсус мактуб йўллашга ҳам чақирди.

“Дунё Фаластин масаласидан бирдек ташвишда. Сизнинг қатъий чақириғингиз Фаластин халқи олдидаги тарихий масъулиятдир. Она сифатида ва инсон сифатида сизнинг сўзларингиздаги самимий ҳиссиётларни чуқур англайман. Умид қиламанки, сиз Ғазо болалари учун нурли умид учқунини етказасиз”, — дея хатини якунлади Туркиянинг биринчи хоними.

Шу билан, Эмине Эрдўғоннинг мурожаати халқаро ҳамжамият эътиборини яна бир бор болалар тақдирига қаратишга қаратилди ва у Мелания Трампдан инсонпарварлик ташаббусида ҳамжиҳатлик кутди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эмине Эрдўғон Мелания Трампга мактуб орқали мурожаат қилди