Исроил самолётлари ва танклари Ғазо шаҳрининг шимолий ва шарқий ҳудудларини бомбардимон қилмоқда. Ҳужумлар деярли бир миллион аҳолига эга бўлган Ғазо шаҳрини эгаллашга қаратилгани айтилмоқда.
Ҳамас бошқарувидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, сўнгги 24 соатда 64 киши ҳалок бўлган ва қарийб 300 киши яраланган. Умумий ҳисобда, 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода 62 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлиб, 157 мингдан ортиғи жароҳат олган.
Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху халқаро босимларга қарамай Ҳамасни бутунлай тор-мор қилишини таъкидлади. Мамлакат ҳукумати 60 мингдан ортиқ захира аскарини сафарбар этмоқда. Мудофаа вазири эса Ҳамас қуролсизланиб, асирларни озод қилмаса, Ғазо шаҳри бутунлай вайрон қилинишини маълум қилди.
Қатар ва Миср воситачилигида сулҳ музокаралари давом этмоқда. Ҳамас 60 кунлик сулҳ ва айрим асирларни озод қилишни назарда тутган таклифни қабул қилганини билдирди. Бироқ Исроил бундай қисман келишувни рад этиб, барча асирлар озод қилинишини талаб қилмоқда.
БМТ ва халқаро ташкилотлар Ғазо шаҳрига ҳужум оғир гуманитар оқибатларга олиб келиши мумкинлигини огоҳлантирмоқда. Расмий маълумотларга кўра, уйларнинг 90 фоизи вайрон бўлган, соғлиқни сақлаш ва сув-таъминоти тизимлари деярли ишламаяпти. Жума куни БМТ Ғазо шаҳрида очарчилик юзага келганини тасдиқлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар