date

Парацетамол ҳомиладорликда бола соғлиғига жиддий хавф солиши мумкин

Парацетамол ҳомиладорликда бола соғлиғига жиддий хавф солиши мумкин

Дунё бўйлаб кенг тарқалган ва оғриқ ҳамда иситмани даволашда энг кўп қўлланадиган дорилардан бири — парацетамол (ацетаминофен) ҳақида кутилмаган маълумотлар эълон қилинди. Халқаро олимлар гуруҳи олиб борган катта тадқиқотга кўра, ушбу препарат ҳомиладор аёллар томонидан қабул қилинганда туғиладиган болаларнинг асаб тизими ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳақда “Environmental Health” (Энвиронментал Ҳеалтҳ) журнали маълумот тарқатди.

Мутахассислар ўтказган кенг қамровли таҳлилда ацетаминофеннинг таъсирига оид 46 та илмий иш ўрганилди. Натижада, тадқиқотларнинг ярмидан кўпида парацетамол қўллаш ва болаларда диққат етишмовчилиги ҳамда гиперактивлик синдроми (ДЙГС), шунингдек аутизм спектри бузилишлари каби касалликлар ривожланиши ўртасида кучли боғлиқлик аниқланган. Айниқса, биомаркерлардан фойдаланилган ва болаларни узоқ йиллар давомида кузатган тадқиқотлар бу хавф ҳақида энг ишончли маълумотларни берган.

Олимлар қайд этишича, парацетамол йўлдош орқали ҳомилага осон ўтади ва гормонал тизим фаолиятига, иммун жараёнларга ҳамда оксидланиш стрессининг механизмларига таъсир кўрсатиши мумкин. Бу эса, айниқса, ривожланаётган бола мияси учун жиддий хавф ҳисобланади.

Статистик маълумотларга кўра, 20 та тадқиқотнинг 14 тасида ҳомиладорлик пайтида парацетамол қабул қилган оналарнинг фарзандларида ДЙГС ташхиси кўпроқ қўйилган. Саккизта ишдан бештасида эса парацетамол ва аутизм ўртасида ҳам боғлиқлик топилган. Қизиғи, баъзи ҳолларда дозага боғлиқ реакция ҳам қайд этилган: препарат қанчалик кўп ва узоқ муддат давомида қабул қилинса, хавф даражаси шунчалик ошган.

Тадқиқотчилар бу йўналишдаги изланишларни давом эттириш ниятида. Улар янада йирик ва турли гуруҳлар иштирокида лойиҳалар ташкил қилишни режалаштирмоқда. Асосий мақсад — мазкур хавфни тўлиқ тасдиқлаш ёки инкор этиш, шу билан бирга ҳомиладор аёллар учун оғриқ ва иситмани даволашнинг хавфсизроқ усулларини топишдан иборат.

Мутахассислар таъкидламоқдаки, парацетамол дунёда энг кўп қўлланадиган дори воситалари сирасида бўлса-да, унинг таъсири ҳақидаги бундай маълумотлар ҳар бир инсон, айниқса, ҳомиладор аёллар учун жиддий огоҳлантирувчи сигнал бўлиши лозим.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Парацетамол ҳомиладорликда бола соғлиғига жиддий хавф солиши мумкин