Покистоннинг Панжоб вилоятида кучли ёмғир ва дарёларнинг тошиши оқибатида йирик сув тошқини юз берди. Расмийларга кўра, 200 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди. Қутқарувчилар қайиқ ёрдамида аҳолига ёрдам бермоқда.
Рави ва Ченаб дарёларида сув сатҳи кескин ошгани сабабли айрим ҳудудларга армия жалб қилинди. Расмийлар одамларни пастқам жойлар ва дарёлардан узоқроқ туришга чақирмоқда.
Сиалкот шаҳрида сўнгги 49 йилдаги энг кучли ёмғир ёғди. Машиналар, уйлар ва кўплаб бинолар сув остида қолди. Минглаб одамлар қутқарувчилар ёрдамида вақтинча бошпаналарга кўчирилди.
Бироқ айрим аҳолилар эвакуацияни рад этмоқда. Улар мол-мулки ва чорваларини ташлаб кетишни истамаяпти. Мутахассислар эса бундай қарор ҳаёт учун хавфли эканини огоҳлантирмоқда.
Покистон ва Ҳиндистон бу йил кучли муссон ёмғирларидан катта зарар кўрмоқда. Иккала мамлакатда ҳам юзлаб одамлар ҳалок бўлган. Мутасаддилар аҳолига ҳушёрликни ошириш ва имкон қадар хавфсиз жойларга кўчишни тавсия қилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!