Олимпия медали соҳибаси, фигурали учувчи Александра Трусова ўғли ва турмуш ўртоғи Макар Игнатов билан тушган илк фотосуратларини мухлисларга тақдим этди. У Телеграмъдаги саҳифасида боласи билан илиқ кадрлардан иборат суратларни эълон қилиб, чақалоқнинг қанчалик тез улғаётганидан ҳайратда қолганини ёзди.
Суратларда бахтиёр она фарзанди билан уй шароитида камера қаршисига чиққан. Трусова оқ кўйлак ва оч сариқ шим кийган бўлса, кичкинтойига беж рангли комбинзон танланган.
“Миша билан биринчи фотосессиямиз. Фарзандлар шунчалик тез ўсишини тасаввур қилмагандим. Охирги уч ҳафта давомида суратларни кўриб, 'у қанчалик тез улғаймоқда' деб ўйлайман”, — деб ёзди Трусова. Унга кўра, суратга олиш жараёнидан кейин ҳам ўғли сезиларли даражада ўзгариб улгурган.
Спортчининг мухлислари дарҳол уни табриклаб, болага саломатлик тилашди. Кўпчилик суратларни самимий ва таъсирчан деб баҳолади.
Эслатиб ўтамиз, Макар Игнатов 2024 йил июн ойида Трусовага Санкт-Петербургдаги кўприк фонида турмуш қуришни таклиф қилган эди. Шу йилнинг августида эса жуфтлик никоҳдан ўтди.
Уларнинг фарзанд кутаётгани ҳақидаги гап-сўзлар январда тарқалган. Ўша вақтда томошабинлар Трусованинг шоу давомида мураккаб элементларни бажармаётганини ва қоматидаги ўзгаришларни сезишган. Икки ой ўтиб, фигурали учувчи муз устида ҳомиладорлигини расман тасдиқлади ва турмуш ўртоғи билан романтик чиқиш қилди.
6 август куни эса эр-хотин илк бор ота-она бўлди. Орадан кўп ўтмай, улар чақалоқнинг исмини ҳам ошкор қилишди. Қизиғи шундаки, Трусова аллақачон фарзандини муз устига олиб чиққан ва бу ижтимоий тармоқларда катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлган.