Бугун, 28 август куни АҚШнинг Глобал ҳамкорлик бўйича махсус вакили Паоло Замполли Ўзбекистон пойтахти Тошкентга ташриф буюрди. Унинг ташрифи Мустақиллик байрами арафасида амалга оширилиши мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Замполли Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан самарали мулоқот ўтказди. Мулоқот давомида томонлар таълим, маданият, инновация ва бизнес соҳаларида қатор ҳамкорлик имкониятлари, шунингдек, минтақавий ва глобал аҳамиятга эга масалалар бўйича фикр алмашди. Саидов ўзининг Telegram-каналида:
“Замполли жаноблари билан самарали учрашув ўтказдик. Биз мамлакатларимиз ўртасида янада мустаҳкам кўприклар қуриш – таълим ва маданиятдан тортиб, инновация ва бизнесгача – ҳақида фикр алмашдик. Халқларимизни янада яқинлаштириш учун катта, ҳали тўлиқ ишга солинмаган салоҳият мавжуд. Мулоқотларимиз давомида минтақавий ва глобал аҳамиятга эга бир қатор масалаларга ҳам тўхталдик – янада фаровон келажак учун ҳамкорликда ишлаш бўйича умумий қарашларимизни билдирдик”, деди Саидов.
Маълумот учун, махсус вакил Замполли АҚШ президенти Трампнинг Америка ва дунё давлатлари билан глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги дастурий ғояларини илгари сурмоқда. Унинг асосий вазифаси – Америка ютуқларини тарғиб қилиш, Қўшма Штатларнинг дунёдаги етакчилик салоҳиятини намойиш этиш ҳамда дипломатик алоқаларни янада мустаҳкамлашдир.
Замполли Ўзбекистон маданий ва илмий муассасалари билан яқин алоқалар ўрнатишни интизорлик билан кутмоқда, шу билан бирга мамлакат олимпиада ғолиблари ва спортчилар билан учрашувлар ҳам режалаштирилган. Шунингдек, у АҚШ элчиси Жонатан Хеник билан бирга пойтахтда янги очилаётган “American Corner Tashkent” марказида Америка қадриятлари ва таълим имкониятларини кенг тарғиб қилиш маросимида иштирок этади.
Ўзбекистон Мустақиллик куни тантаналарида махсус вакил Замполли иштирок этиши кутилмоқда. АҚШ элчиси Хеник бу ташрифни:
“Бу йил Тошкентда ўтказиладиган Ўзбекистон Мустақиллик куни тантаналарида Америка Қўшма Штатларидан энг юқори даражадаги вакил бўлишидан мамнунмиз. Махсус вакил Замполлининг ташрифи ўзгармас ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди: Қўшма Штатлар ўзаро ҳурмат, фаровонлик ва муваффақиятли келажакка содиқ бўлган ишончли ҳамкор сифатида Ўзбекистонга елкадошдир”, деб баён қилди.
Шу тариқа, Замполлининг тарихий ташрифи ва Ўзбекистон Мустақиллик куни байрами бирлашиб, икки мамлакат ўртасидаги дипломатик, маданий ва иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!